Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Келинг, кўринг, ўқинг...

Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказининг тарихи 1911 йилга бориб тақалади.

Дастлаб ушбу зиё маскани 2 минг нусхага яқин адабиёт билан фаолият бошлаган ва унинг хизматидан бир неча юз киши фойдаланган. Кейинчалик китоб фонди бойиб, 1937 йилда кутубхонага Пушкин номи берилиб, давлат кутубхонаси мақомига эга бўлган.

Айни пайтда марказ китоб фондида 700 мингга яқин сақлаш бирлиги, жумладан, периодика, грамзапислар ва нота нашрлари мавжуд. Кутубхонага ҳар йили 30 мингга яқин киши обуна бўлади. Сўнгги йилларда ўлкашунослик бўлими, каталоглар ва картотекалар бўлими, ҳуқуқий ахборот маркази, Гёте институти кўмагида немис тилидаги адабиётлар ўқув зали, болалар адабиётлари бўлими ташкил этилди.

Аммо марказнинг биноси бугунги кун талабларига жавоб бермас, қадимий ва ноёб китоб фондини сақлаш учун қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратиш зарурати юзага келганди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий-маънавий ҳаётмизга оид 5 муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши бизнинг марказ ҳаётида ҳам муҳим бурилиш ясади, – дейди Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Наргиза Саидмуродова. – Беш ташаббуснинг тўртинчиси бўлган ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўналиши ҳамда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида марказимизни рекконструкция қилиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 6 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунинг ҳисобидан биномиз замон талабларига мувофиқ таъмирланиб, кутубхона учун қандай шароит, имконият зарур бўлса, барчаси яратиб берилди, жиҳозлар тўлиқ янгиланди.

Самарқанд шаҳри марказидаги Университет хиёбонида жойлашган ушбу зиё масканига қадам қўйсангиз қалбингиз илм нуридан баҳра олиши, шубҳасиз!