Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимларга субсидия берилади?

Президентимиз 2020 йил 7 декабрда “Ипотека кредити механизмларини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” фармон қабул қилди.

Фармонга асосан хусусий пудрат ташкилотлари томонидан хоналарга бўлинмаган ҳолда қурилган квартираларни сотиб олиш учун бериладиган ипотека кредитларининг чекланган миқдори белгиланди:

Тошкент шаҳрида майдони 60 квадрат метргача бўлган квартиралар учун 264 миллион сўм, майдони 60 квадрат метрдан ортиқ бўлган уй-жойлар учун 352 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилади. Бошқа ҳудудларда майдони 60 квадрат метргача бўлган квартиралар учун 240 миллион сўм, майдони ундан ортиқ бўлганлари учун 320 миллион сўмгача ипотека берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги қарорига ўзгартиш киритилиб, субсидия олиш учун ариза топшириш муддати 2020 йил 31 декабрга қадар, тўлов муддати 2021 йил 1 июлга қадар узайтирилди. Субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига энди бошқа шахслар даромадлари ҳам киритилиши мумкин. 

Хўш, субсидия ўзи нима? 

Ипотека субсидияси – ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқарога бериладиган маблағ ҳисобланади. 

 Субсидия маблағлари кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақат бирламчи бозордан сотиб олинадиган уй-жойлар учун 1 марта берилади. Бунда бошланғич бадал учун бериладиган субсидия миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида, қишлоқ ва шаҳарларда биринчи 5 йил давомида ипотека кредити учун фоиз тўловларини қоплаш учун 10 фоиздан, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан ошган қисми учун ҳар ойнинг 25-санасигача берилади. 

Субсидия олиш учун ариза топширган шахс сўровини кўриб чиқиш уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлаш жараёнида маълумотлар истисно тариқасида бепул амалга оширилади. Субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома календарь йил якунига қадар амал қилади. Ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларига кўра 30 ва ундан юқори балл тўплаган, лекин жорий йил учун белгиланган субсидиялар сони тугаганлиги сабабли субсидия олиш имкониятига эга бўлмаган талабгорлар кейинги йил учун субсидия олувчилар рўйхатига автоматик тарзда киритилади. 

Шунингдек, хорижий давлатда меҳнат мигратининг оила аъзолари унинг номидан субсидия олиш тўғрисида фақат бирламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ариза топширишлари мумкин. Агарда илгари имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда уй-жой харид қилган оила аъзоларининг субсидия олиш учун такроран қилган мурожаати рад этилади. Потенциал қарз олувчиларга ўрнатилган мувофиқлик мезонларига жавоб берадиган, қарз юки кўрсаткичи 70 фоиздан юқори бўлмаган, ипотека кредитини ажратишни кўриб чиқиш вақтида кредит ташкилотларидан аввалги олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликлари мавжуд бўлмаган шахслар янги тартиб асосида ипотека кредитлари олиши мумкин.

Давлат хизматлари маркази вилоят бошқармаси ахборот хизмати.