Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

КOICA: Марказнинг тўртинчи битирувчилари диплом олди

Ўн ой давомида назарий ва амалий синовларда ўзимни кўрсатиб, кўпроқ ҳунар эгаси бўлишга уриндим. Ҳаракатларим бесамар кетмади ва кўзланган мақcад йўлида дипломни ҳам қўлга киритдим.

Бу – Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази битирувчиси, нарпайлик Сарвиноз Лутфуллаеванинг дил сўзлари. У ва яна 233 нафар ёшлар марказнинг 4-навбатдаги ўқув курсини битириб, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлди.

Шу муносабат билан марказда ўтказилган тадбирда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси вакиллари, Корея таълим ва технология университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

– Бугунгача ушбу муассасани 700 нафарга яқин ёшлар битириб, ўз мутахассисликлари бўйича 60 дан ортиқ ташкилотлар билан шартнома тузиб ишламоқда, – дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Парк Ми. – Марказни тамомлаган 3 фоизгина йигит-қизларнинг бандлиги таъминланмаган, холос. Бугунги битирувчиларнинг ҳам ҳамкор ташкилотлар билан ишлаши ва айримлари ўз бизнесини йўлга қўйишига ишонаман. Ўйлайманки, КОIСАнинг мақсадли фаолияти Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилади.      

Тадбир қатнашчилари битирувчиларнинг ахборот технологиялари мутахассислиги, электроника ва асбобсозлик, автомобилларга хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ва чилангарликка оид ҳамда ўзбек-корейс маданияти акс эттирилган тасвирий санъат асарлари кўргазмалари билан таништирилди.

Маросим давомида муассасада ташкил этилган замонавий автодром ва “Инглиз тили маркази”нинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Тадбир сўнгида битирувчи-ёшлар ҳамда Самарқанд шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.