Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Колодецфобия” ҳақида эшитганмисиз?

Аслида бу мавзуга яна қайтишни истамаган эдим, аммо мендаги қўрқув яна бу мавзуда сўзлашга мажбур қилаяпти...

Бундан уч-тўрт йил илгари бўлганди бу воқеа. Куз ойлари эди. Ижарада тураман. Иқтисодий етишмовчилик... Хуллас ўша куни ижарадаги уйимнинг эгаси қўнғироқ қилиб, ижара нархини оширишини айтди. Менда иккита йўл: ё бошқа уйга кўчиб ўтиш, ё уй эгаси айтган пулни бериб туриш. Кечки вақт эди. Кайфиятим бузилди. Бундай вақтларда уйда ўтиргандан кўра кўчада юришни афзал билардим. Негаки, бузуқ кайфият оиламдагиларга салбий таъсир қилади. Кўчага чиқиб кетдим. Ҳаммамизга маълумки, барча кўчаларимизга ҳам тунги чироқлар ўрнатилмаган. Ўшандай зим-зимистон кўчалардан биттасида кетаяпман. (Аниқ манзилни айтай: Самарқанд шаҳри, 29-даҳа. Биринчи ва иккинчи кўчани туташтирувчи, 54-мактаб олдидаги кўча. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга раҳмат. У кишининг ташаббуслари билан ҳозир у кўчалар асфальт бўлган. Аввалги муаммо йўқ). Асабийлашганимдан “колодец”нинг борлигини унутибман... Инсон онги хавфга нисбатан жавоб беришда жуда тез эканини ўшанда ҳис қилдим... Ҳушимни ўнглаб, нима содир бўлганини англаб етгунимча сониялар ўтди. Икки қўлим қудуққа тиралган ҳолда осилиб турардим. Кўзойнагим, уйнинг калити (уйни ташқаридан қулфлаб чиққан эдим) қаергадир отилиб кетган эди. Қудуқдан чиқишга уринаётганимда иккита йигит келиб қолди. Уларнинг ёрдами билан чиқиб олдим. Кейин йигитлардан калит ва кўзойнагимни қидириш учун телефони чироғини тутиб туришини илтимос қилдим. Қудуқ ичига чироқ тутганида бир елим халта устида калит турарди. Кўзойнагимни тополмадим. Қудуқ тубидаги сувга чўккандир балки. “Ака, худо асрабди сизни. Анави темирнинг туришини қаранг...” деди йигитлардан бири қудуқдаги сув қувурининг ёпиб-очувчи чамбарагига ишора қилиб. Чампарак ўртасидаги тўқсон градусда турган қисмини кўриб хаёлимдан минг битта ўй ўтди. Юрагим орқага тортиб кетди. Унинг устига тушган одам ногирон бўлиб қолиши ҳеч гап эмасди...

Шу-шу қопқоғи йўқ қудуқларни кўрсам ўша воқеа эсимга тушаверади. “Мен қўлларим билан тутиб қолиб, омон қолдим, лекин болалар туйқус шундай тушиб кетса нима бўлади?” деган савол хаёлимга келиб, тасаввуримда кимдир тушиб кетаётгандек туйилаверади. Фейсбук тармоғида тарқалган видеолардаги “Дамас”, “Ласетти” автомобилларининг ағдарилиши, шикастланиши ҳам қўрқувга қўрқув қўшади. Ахир, мол аччиғи–жон аччиғи. Бу оғриқни ҳам бошидан ўтказганларгина билади...

Сўзимнинг бошида “бу мавзуга қайтишни истамаган эдим” дедим. Чунки бир-икки мақоламда “қопқоқсиз қудуқлар” ҳақида ёзгандим. Бироқ  ёзганларим масъул ходимларга пашша чаққанчалик таъсир қилмапти. Йўқса, лоақал энг кўп ўтиб қайтадиган кўчамиз Амир Темур кўчасидаги (Мир Саид Барака кўчасига туташган жойда) қудуққа қопқоқ қўйилиб, автотранспортларнинг хавфсиз қатнови таъминланган бўлар эди.

“Колодецфобия” дегани ана шунақа! Мен бироз ошириб юборгандирман. Агар жуда қўрқинчли бўлганида аллақачон муаммога ечим изланар эди-да. Изланмаяптими, демак, ҳали вақт бор. Менимча, ҳали кимдир шунақа қудуққа тушиб кетиб... воқеа интернетда “айланиши” керак. Ҳозирча автомашиналарнинг тушиб, эгалари зарар кўришаётгани ҳисобга олинмаяпти...  Янаям билмадим.

Аслиддин.