Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Комиллик гулшани” кишиларни комилликка етаклайди

Самарқанд шаҳридаги “Китоб олами” маънавий-маърифий мажмуасида тойлоқлик тажрибали ўқитувчи, фахрий ижодкор Мамадамин Ражабовнинг “Комиллик гулшани” деб номланган китобининг тақдимоти ташкил этилди.

Тадбирни ёзувчи ва шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов, вилоят «Маҳалла» жамғармаси раиси Б.Насриев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси З.Эшонқулова, Х.Нуруллаев ва адибнинг яқинлари, шогирдлари сўзга чиқиб, маънавий, тарихий, илмий-оммабоп, публицистик руҳда ёзилган ушбу китоб, унинг аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий билимини ошириш учун фойдали эканини эътироф этди.

Дарҳақиқат, рисолада ёшларга тарбиявий жиҳатдан намуна бўладиган жиҳатларга алоҳида урғу берилган.

- Агар ҳаётга ибрат ва намуна кўзи билан қарасангиз, ҳамма нарсадан ўзингиз учун керакли бўлган ниманидир олишингиз шубҳасиз, - деди Ҳ.Нормуродов. – Шу жиҳатдан муаллиф ушбу китобда воқеаларни содда, равон ва халқона тил ва услубда ифодалаган. Шунингдек, рисолада тарихий шахслар, замондошларимиз ҳаёти ва фаолиятига назар солишга, уларнинг ибратли жиҳатларини кўрсатишга интилган. Китобни ўқиган ўқувчи уларнинг ҳаётидан сабоқ, ибрат ва намуна олади. Рисоладаги мукаммал инсон тимсолини яратишга оид тўрт юз элликдан ортиқ инновацион маълумотлар ва эзгулик ғоялари эса барчага, айниқса ўқитувчи-мураббийларга жуда асқотади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.