Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Kun.uz мақоласига Самарқанд тумани ҳокимлиги муносабат билдирди

Kun.uz сайтида эълон қилинган “Бу пулга ўзлари уй қуриб кўришсин-чи!” - Самарқанд тумани катта “снос” арафасида” сарлавҳали мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали ва унга туташ ҳудудда қурилиши режалаштирилган туристик марказ лойиҳаси билан танишиб, бу ерда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, вилоят аҳолиси учун қулай шарт-шароитга эга дам олиш маскани яратиш бўйича топшириқлар берган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда туристик маршрутлардаги йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва йўл атрофида инфратузилма объектларни қуриш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳудуддаги турар ва нотурар жойлар рўйхати шакллантирилиб, “GRAND REAL PROFI” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳар бир объект бозор нархида баҳоланмоқда.

Бажарилаётган ҳар бир ишда одамларни норози қилмаслик чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ҳеч бир фуқаронинг уйи ёки дўкони эгаси розилигини олмасдан, товон пули тўланмай туриб бузилгани йўқ.

Айни кунда Жойисой, Қўштамғали ва Қозиариқ маҳаллаларида яшовчи 171  нафар фуқаронинг 85 нафари билан Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида шартномалар тузилди. Ушбу фуқаролар учун ЧЭКИ “Савдогарбанк”нинг Улуғбек филиалида ҳисоб рақам очилиб, 26 миллиард 92 миллион 3 юз минг сўм товон пули тўлаб берилган. Бундан ташқари, кадастр ҳужжатлари йўқ 100 та турар ва нотурар жойлар учун кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилди.

Хусусан, Kun.uz сайтига Комил Пирматов ва унинг онаси, Абдуазиз Хусенов ва унинг онаси интервью берган. Ўрганиб кўрилганда, Абдуазиз Хусенов яшаётган хонадоннинг кадастр ҳужжатлари йўқ эканлиги аниқланган. Бугунги кунгача ушбу фуқаронинг турар жойлари учун кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, эгалик ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, Комил Пирматовга 420 миллион сўм ва Абдуазиз Хусеновга 599 миллион 700 минг сўм товон пуллари тўлаб берилган.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.