Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалла депутатдан нега фойдалана олмаяпти?

Амалдаги қонунларга кўра, маҳаллада яшовчи сайловчилар номзодлар орасидан ўзига маъқулини танлаб олади. Улар ўз вакили орқали давлат бошқарувида иштирок этадилар.

Лекин депутатларнинг фаоллиги маҳаллада нега кўзга ташланмаяпти. Айрим депутатлар йиллар давомида сайловчилар билан мулоқот ўтказмайди. Баъзан, у ёки бу санага бағишлаб номигагина тадбир ўтказишади.

Хўш, маҳалла шу ҳудуддан сайланган депутат имкониятларидан қандай фойдаланиши мумкин?

Маҳалла оқсоқоллари ва котиблари малакасини ошириш ўқув курсида ана шу савол бўйича мулоқот ўтказилди. Журналист Ф.Тошев бу борада ўз депутатлик фаолияти тажрибасини айтиб берди.

- Дарҳақиқат, биз сайловдан кейин депутат имкониятларидан етарлича фойдаланмас эканмиз, - деди Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласи оқсоқоли Бахтиёр Абдутоҳиров. – Маълум бўлдики, агар ишни тизимли ташкил этсак, ҳудуддаги кўп муаммоларга депутат орқали ечим топа оламиз.

Давра қатнашчиларига маҳалла идорасида депутатлар исм-шарифи, иш ва қўл телефони ёзилган лавҳа илиб қўйиш, ҳар ойда бир маротаба депутат иштирокида у ёки бу қонун тарғиботи бўйича учрашув уюштириш, аҳоли талабларини таҳлил қилиб, депутатга етказиш, ҳудудга мўлжалланган лойиҳалардан ва улар ижросидан аҳолини хабардор қилиб бориш тавсия этилди.