Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Марс ва Ерда йил фасллари бир хилда кечади. Лекин Марс йили тахминан икки Ер йилига тенг

1. НАСА томонидан Ойга учирилган космик кемалар (Ойга қўнган астронавтлар) томонидан унда қолдирилган 4 та сейсмографлар дастлабки 5 йил ичида Ойда 28 марта силкинишлар бўлганлигидан дарак берган. Ерда бўладиган ер силкинишларидан фарқли ўлароқ, Ой силкинишлари унда сувнинг йўқлиги туфайли Ердаги силкинишларга нисбатан анча узоқ вақт (ҳатто бир соатгача) давом этиши мумкин экан. Масалан, Рихтер шкаласи бўйича 5,5 баллик Ер силкиниши 2 дақиқагача давом этса, Ойда бундай силкиниш 10 минутгача давом этади.

2. Океанларда сувнинг кўтарилиши ва пасайиши Қуёш ва Ойнинг гравитация кучларининг океан сувига ва Ерга таъсири натижаси ҳисобланади. Қуёшнинг массаси Ойнинг массасидан анча катта бўлишига қарамасдан, Ер билан Ой ўртасидаги масофа Ер ва Қуёш ўртасидаги масофадан 400 марта кичик бўлгани сабаб Қуёшнинг океан сувига таъсири Ойнинг таъсирига нисбатан 2,17 марта кичик бўлади.

Ой–Ер ва Ой-океан суви сатҳи ўрталаридаги масофа бироз бир-бирларидан фарқ қилади. Океандаги сув билан Ой орасидаги масофа Ер ва Ой орасидаги масофадан қисқароқ бўлгани учун Ой Ерга қараганда сувни кучлироқ тортади. Натижада Ойга энг яқин турган океан суви томони кўпроқ тортилиб, сув сферик шаклдан тухумсимон шаклга келади. Айни вақтда океан сувининг қарама-қарши тарафидаги сув кам тортилганидан ва Ернинг ҳам Ой томон бироз тортилганидан океаннинг бу томонидаги суви орқада қолиб, у ҳам тухумсимон шаклга келади. Демак, океан сувининг Ойга энг яқин ва энг узоқ томонларида сув кўтарилади. Бу йўналишга тик бўлган томонларда сув пасаяди. Сув 6 соат 13 минут давомида кўтарилади ва шунча вақт давомида пасаяди. Бу ҳодиса ҳар 12 соат 25 минутда такрорланиб туради. Энг катта кўтарилишлар Канаданинг шарқида Фунди қўлтиғида кузатилади. Бу ерда Атлантика океани сатҳи 16 метргача кўтарилади. Россияда энг катта кўтарилишлар Охота денгизида (11 метргача), Мурманск яқинида (6 метргача), Кола яримороли қирғоғида (8 метргача) кузатилади. Сувнинг кўтарилиш ва пасайиши таъсирида атмосфера босими ҳам сутка ва ой давомида сезиларли даражада ўзгариб туради.

3. Марс ва Ер ўзининг айланиш ўқлари экваториал текисликларига нисбатан деярли бир хил бурчак остида оғган бўлади. Шу боисдан уларда йил фасллари бир хилда кечади. Лекин Марс йили тахминан икки Ер йилига тенг бўлгани учун Марснинг фасллари Ер фаслларига нисбатан икки марта узоқроқ давом этади. Масалан, Марснинг шимолий ярим шарида баҳор 199 кун, ёз 182 кун, куз 146 кун ва қиш 160 кун давом этади.

4. Марс атмосферасининг таркибини 95 фоиз карбонат ангидрид гази, 3 фоиз азот ва 1,6 фоиз аргон ташкил этади. Унинг сиртида кислород ва сув излари ҳам топилган. Айрим олимларнинг фикрича, унда метан излари ҳам мавжуд. Бу Марсда ҳаёт бўлиши мумкин, деган фикрнинг пайдо бўлишига олиб келади. Чунки метан кўпинча ҳайвонлар томонидан юзага келтирилади. Бошқа олимлар эса метан Марсда бўлиши мумкин бўлган зайтун минераллари томонидан ҳам ҳосил бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

5. Ойнинг атмосфераси ва магнит майдонининг йўқлиги у томон учаётган ёки унинг сиртида фаолият олиб бораётган астронавтлар учун ўта хавфли ҳисобланади. Улар катта дозадаги радиацион нурланишни олиши ва қон касаллигига учраши мумкин. Биринчидан, астронавтлар Ой томон учиб бораётганида Ернинг радиацион белбоғларини бир неча бор кесиб ўтиб, маълум миқдордаги радиацияни олишади. Иккинчидан, Ойда атмосфера йўқлигидан Қуёшдан келаётган радиация бемалол Ой юзасига кириб боради. Америкалик астронавтлар Ойда бўлганларида, уларнинг бахтига, Қуёшнинг протонли фаоллиги содир бўлмаган (бундай фаоллик 11-12 йилда 1-2 марта содир бўлади ва жуда катта энергиялик протонлар оқими Қуёшдан узилиб чиқади).

Америкалик астронавтларнинг соғлиғи устида ўтказилган тажрибалар астронавтлар кўз гавҳарининг бироз қоронғилашганликлари, катарактнинг ва онкологик касалликларнинг юзага келиш хавфининг пайдо бўлганлигини кўрсатган.

Маълумот учун, радиация манбалари билан ишламайдиган Ерда яшовчи ҳар бир инсон ҳар йили космосдан келаётган радиацияни 1 миллизиверт (мЗв) миқдорида қабул қилса, атом электростанцияси (АЭС)да ишловчи ҳар бир мутахассис 20 мЗв миқдорда (бу рухсат этилган чегара), халқаро космик станциядаги космонавт эса ҳар куни 0,5-0,7 мЗв миқдоридаги радиацияни қабул қилар экан.

Тайёрловчи: Ортиқ ПАРДАЕВ, СамДУ профессори.