Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Маска" кийиб дорихонани ўмарган жиноятчилар қўлга олинди

Тошкент шаҳрида 2019 йил 21 ноябрь куни тахминан соат 01:10 ларда 26 ёшли Н.М., 25 ёшли И.Х. ва 23 ёшли Н.И.лар ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашган. Юзларини тиббиёт ниқоби билан беркитган ҳолда Чилонзор туманининг 18-мавзесидаги МЧЖга қарашли дорихонага кирган ва сотувчи, 28 ёшли Х.М.нинг юзига уриб, сумка ичидаги 16.500.000 сўм ва кассадаги 1.500.000 сўм пулларни қўлга киритган ҳамда ҳодиса жойидан яширинганлар.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида И.Х. жиноий шериклари билан бирга ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида И.Х., Н.М. ва Н.И.ларга нисбатан ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.