Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Математика бўйича «Қўқон олимпиадаси» ғолибига автомобиль берилади

Қўқон университети ректорати иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида республика умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида математика фанидан «Қўқон олимпиадаси»ни ташкил этди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 469 нафар ўқувчиси "Қўқон олимпиадаси"нинг вилоят босқичида ўз билимларини синовдан ўтказди.

Дастлаб вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева, Қўқон университетининг академик ишлар департаменти бошлиғи Ш.Рўзиев ўқувчиларга ушбу олимпиаданинг моҳияти, бундай фан беллашувлари келгусида билимдон ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилиши, математикадан билими юқори бўлган авлод билан давлатимиз барча жабҳада юқори натижаларга эришиши мумкинлигини таъкидлади.

«Қўқон олимпиадаси» умумтаълим мактабларининг 5-11-синфлари, академик лицейларнинг 1, 2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига қарашли таълим муассасалари, нодавлат ўқув даргоҳларининг 5-11-синф ўқувчилари ҳам қатнашишлари мумкин.

Республика босқичи эса Қўқон университетида шу йилнинг 13-14 март кунлари ўтказилади. Якунловчи босқичда Давлат тест маркази жавоблари асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 5 нафар ўқувчи-номзод танлаб олинади.

Барча гуруҳ бўйича биринчи ўнталик рўйхатидан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқишга қабул қилиш бўйича «Инвестицион ваучер» тақдим этилади. Шунингдек, республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчиларга автомобиллар совға қилинади.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.