Мудофаа ишлари бўлими мавсумга тайёрми?
Пайариқ тумани мудофаа ишлари бўлими фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида ушбу фикрнинг нақадар ҳақиқатлигига амин бўлдик.
Тегишли биноларнинг хароб аҳволдалигини тан олган туман мудофаа бўлими мутасаддилари берган маълумотларга қараганда, ташкилотнинг маъмурий биноси 1937 йилда асаларичилик хўжалигида фойдаланиш учун бунёд этилган. 1950 йилда бу ерга туман мудофаа ишлари бўлими кўчириб ўтказилган. Ҳозирга келиб, бинонинг аҳволи ўта ачинарли ҳолатга келган. Ёғингарчилик кунлари бино томидан чакка ўтади. Чунки салкам 70 йил мобайнида шифер ва поллар ўз муддатини ўтаб бўлиб, чирий бошлаган.
Иссиқлик таъминоти, канализация тизими мавжуд эмас. Хоналарда ишчи-хизматчилар фаолияти учун умуман шароит яратилмаган. Сафарбарлик ишларини олиб бориш учун бошқарув, назорат ва умумлаштириш гуруҳи хоналари йўқ.
2008 йилда қурилиши бошланиб, саккиз йилдан кейин фойдаланишга қабул қилинган чақирув пункти биносининг аҳволи маъмурий бинодагидан-да хароб. Бўлим ходимларининг айтишича, 2010 йилда чала битган бинони ўша пайтдаги мудофаа бўлими бошлиғи қабул қилмаган. Сабаби, бино чиқиндилар билан тўлдирилган эски ҳовуз ўрнида барпо қилинган бўлиб, ҳали битмасидан пойдевори чўка бошлаган. Бино қурилишига масъул идора раҳбари эса қаергадир ғойиб бўлган.
– Биноларимиз, умуман, ташкилотимиздаги шарт-шароит чақирувни сифатли амалга ошириш талабларига жавоб бермаслиги борасида туман ҳамда вилоят ҳокимлигининг ҳарбий масалалар бўйича мутасаддиларига бир неча бор мурожаат қилганмиз, – дейди туман мудофаа ишлари бўлими бўлинма бошлиғи Ш.Шакаров. – Айни пайтда 30 хонадан иборат маъмурий бинонинг 13 та, икки йил олдин фойдаланишга қабул қилинган янги чақирув пункти биносидаги мавжуд 30 га яқин хоналарнинг 15 тасидан фойдаланиб келяпмиз, холос.
Аслида, 20 нафарга яқин ходим ишлаётган хоналар ҳам авария ҳолатида. Ҳар йили ходимларимиз ўз ҳисобидан хоналарини таъмирлашга мажбур бўлишяпти. Йилига 4 мингдан зиёд ҳарбий хизматга чақирилувчилар, кунига юзлаб аҳолига хизмат кўрсатувчи муассасамизнинг бугунги аҳволидан ўзимиз ҳам уяламиз.
Дарҳақиқат, туман мудофаа бўлими ҳовлисию пастқам бинолари, ҳатто хоналардаги мебель жиҳозлари ўтган асрнинг 50-йилларида суратга олинган фотолавҳалар, киноларда кўрганларимизни эслатади. Маъмурий бинодаги қайси хонага кирманг, зах ҳиди анқийди. Хоналар совуқ, аксарият хоналарнинг поли бетон. Илма-тешик бўлиб кетган тахта полли хоналарга кирган киши қадамини ўйлаб босмаса, қулаб тушади. Эски бинонинг томи қулаш арафасида турибди. Туман ҳокимлиги бундан уч йил аввал "совға қилган" биргина компьютерни айтмаса, муассасада мавжуд 11 та компьютернинг аксарияти фойдаланишга яроқсиз (олинганига 10 йилдан ошган) ҳолга келиб қолган. Ажабланганимиз, муассасада хоналар тозалигини таъминловчи ходим ҳам ажратилмаган. Ҳар ким хонасини ўзи ёки ишчи ёллаб тозалар экан.
Икки йил бурун туман ва вилоят мутасаддиларининг қистови билан фойдаланишга мажбуран қабул қилинган чақирув пункти биноларида ҳосил бўлган ёриқлар туфайли ходимлар юрагини ҳовучлаб ишлаётганликларини таъкидлашди.
Сабаби аввал мавжуд бўлган ҳовуз наридан-бери чиқинди аралаш тупроқ тортиб кўмилиб, унинг устида барпо этилган бинонинг таянч деворларида йирик ёриқлар пайдо бўлган. Ҳатто поллар чўкиши сабаб ўйдим-чуқур бўлиб, бетон плиталар қўпорилиб кетган. Бунинг оқибатида эшик-деразалар қийшайиб, меъёрида очилиб-ёпилмайдиган ҳолатга келиб қолган. Эскию янги биноларнинг шифер ва тунука томининг айрим қисмлари шамол туфайли кўчиб тушган.
– 1978 йили худди шу жойдан армияга кетганман, – дейди Тўполос маҳалласида яшовчи Э.Маматов. – Ўша пайтларда бу ерда файз бор эди. Бугун бўлим бинолари хароблигини, шарт-шароитларнинг йўқлигини кўриб, ачиниб кетдим.
Хуллас, бундай ачинарли ҳолат билан пайариқлик ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш масаласини ҳал этиб бўлмайди, албатта. Ёшларда ҳарбийликка ҳавасни уйғотиш, Ватанимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтиришдек ғоят муҳим мақсадлар рўёбида мудофаа ишлари бўлимларининг ҳам муносиб ўрни борлиги инобатга олинса, туман ҳокимлиги ҳамда соҳага тегишли мутасадди идоралар масалага жиддий ёндашади, деган умиддамиз.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
«Зарафшон» мухбири.