Мутолаа: Ҳомийни қандай топдим?
Воқеий ҳикоя, 2-қисм Иқрорлик. Исматулла Йўлдошев
Ўттиз йиллардан буён борадиган сартарошхонада тасодифан Жомжом штати дон маҳсулотлари компанияси бош менежери Салимбей Ашуроглининг акаси, иш юритувчи ва омбор мудири Азимбейни учратиб қолдим. Кўринишидан анча чарчаганлиги билиниб турарди. Айтишига қараганда, ака-укаларнинг бошидан жуда кўп савдолар ўтибди. Улар ишланган дон маҳсулотлари компаниясида тергов ишлари бошланиб, беш миллиарддан зиёд камомад аниқланган. Оқибатда жиноят иши очилиб, қамоққа олмоқчи бўлишганида улар чет давлатга чиқиб кетади. Укаси – бош менежер Салимбей қочишга улгурибди, Азимбей эса қўшни мамлакатда қўлга тушибди. Унга компанияда талон-торож қилинган беш миллиард сўмнинг ярмини, яъни икки ярим миллиард сўмни тўлагандагина қамоқдан озод қилиш билдирилибди. Шундан кейин бор мол-мулкини сотиб, етмаганига қариндош-уруғларидан қарз кўтариб пулни давлатга топшириб, очиққа чиққан экан.
Биз сартарошхонадан чиққач, яқиндаги кафенинг кабинетларидан бирига кирдик. Азимбей жиянига телефон қилиб, уйидан ҳар хил ҳужжатлар ва суратлар тикилган жилдни олиб келишни буюрди. Кейин кампанияда камомад қандай пайдо бўлганлигини сўзлаб берди: Музофатдаги кўчани “каттаси” Абдивалибейнинг шотирларидан бири "Шиппак" лақабли Алимбей штатга пойтахтдан ҳуқуқ соҳасига катта бўлиб келган Бахтибей билан таништирган.
Айтишича, Бахтибейга ўзи айтган жойдан, ўзи берган лойиҳа бўйича уй қуриб бериш ва ҳар ойнинг охирида америкалик бобойнинг сурати тушурилган пулдан уч тахламини “узатиб” туришни айтган. Агар шундай қилмаса, ишлари яхши бўлмаслиги, шартга кўнса, “қўллаб” туришини билдирган Бахтибей билан оғзаки битим тузилган. Шу битим бўйича ҳашаматли уй қурилиб, замонавий мебеллар билан жиҳозланган. Бироқ иш тескари кетган вақтда “битим” пучга чиққан…
Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, Азимбей айтган ҳужжатларни кўтариб, жияни кириб келди. Азимбейнинг мақсади шу ҳужжатларни кўрсатиб, камомад ва талон-торожлар қандай келиб чиққанлиги фактини тушунтириш эди.
Ёшлигимдан бошига ташвиш тушган одамни кўрсам, унга беғараз ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Буни уддаламагунча кўнглим жойига тушмайди. Бу одатим гоҳо ўзимга ҳам панд берган. Лекин барибир ичимда бир куч ёрдам беришга ундайди...
Мен одатим бўйича Азимбейга ёрдам қилмоқчи бўлдим. У қачон, ким билан танишганлиги, ким таништирганлиги, қайси вақтда нима учун унга мунтазам равишда пул ҳадя қилганлиги, уйни қай тарзда қурганлиги, қурилиш материалларини қачон, қаердан олиб, қандай транспорт воситасида олиб келганлиги ҳаммасини вақт, жой ва бошқа ҳолатларни айтиб берди.
У худдди прокурор судда айблов хулосасини эълон қилгандай тутилмасдан, ёддан гапирарди. Жараённи телефонга ёзиб олиш икки соатлар давом этди. Ўртада бир узилиш бўлди, телефоннинг қуввати тугади. Шундан кейин телефонни электр токига улаб ишни давом эттирдик.
Азимбей қурилишда ишлаган одамлар, усталар ва ҳайдовчилар - ҳаммасининг рўйхати, қаерда яшаши, телефон рақамлари, паспорт нусхасигача кўрсатиб, ҳужжатларни илова қилди. Қурилиш материаллари сотиб олинганини тасдиқловчи ҳужжатлар, қурилган уйнинг, қурилиш материалларини ташиган автомашиналарнинг эгалари, машиналарнинг давлат рақами ва ҳоказо... Ҳаммасини телефонимга суратга тушуриб олдим. Азимбей Бахтибейни муқаддам бошқа вилоятда бошлиқ бўлганда ҳам жуда шоҳона уй қурдириб, катта пулга сотиб келганлиги ҳақидаги ҳолатларни бориб билиб, ҳужжатлаштирган экан.
Азимбей ўзи қурдирган уйни кимга, қанчага, кимнинг гувоҳлигида сотганлиги ҳақидаги ҳужжатлар ҳам жилдга тикилганди. Мен бу ҳақда ҳозирча ҳеч кимга чурқ этмасликни тайинладим. Худо албатта, яхши йўлга бошқаришини айтиб хайрлашдим.
Бахтибейни қидириб, телефон қилсам "ўчирилган", деган жавоб олдим. Охирги иш жойидан суриштирдим, анчадан буён ишга чиқмаётганлигини айтишди. Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин даъволаниш мақсадида пойтахтга, ҳукумат поликлинигасига бордим. Жойлашгач, ҳовлига сайр қилишга чиқсам "Салимбейни мутлақо танимайдиган" эски хўжайинимиз Бахтибейни учратиб қолдим. Уни ранглари ўчган, анча ўзини олдириб қўйган ҳолда кўриб ҳайрон бўлдим. Ҳол-аҳвол сўрашиб, анча гаплашиб ўтирдик.
Бундай вазиятда телефондаги ёзувларни кўрсатгим келмади. Бироқ унинг ўзи ҳеч кутилмаганда штатимиздаги дон маҳсулотлари компанияси менежери ва унинг омбор мудири, иш бошқарувчиларини танимаслигини, тоза ва шаффоф иш олиб боргани ҳақида тинимсиз гапирди.
Кечки пайт унинг палатасида учрашишга келишиб, хайрлашдик. Мен унга баъзи гапларни айтиб қўйишим кераклигини анчадан буён излаётганлигимни билдирдим.
Мен ётган бўлимга қўшни бўлимдаги собиқ раҳбарим ётган палата пошшоларнинг ходимлари ётадиган махсус люкс жой экан. Негаки, у ерда пошшога яқин корчалон Зимбабей оға вақти-вақти билан даъволаниб тураркан. Кечки пайт штатимиздан олиб келинган нон, туршак, бир нечта анор ва олмаларни елим халтага жойлаб, шу палатага бордим.
Бир неча хонадан иборат палата шарқона безатилган, катта меҳмонхона ўртасида ўн икки кишига мўлжалланган стол-стуллар қўйилган бўлиб, столда ҳамма егилигу ичимликлар ҳар хил мевалар қўйилган эди. Мен буларни кўриб шошиб қолдим. У кишини шотирларидан биттаси мени столга ўтиришга таклиф қилди. Секин бориб ўтирдим, Бахтибей столдаги ичимликларга ишора қилиб “қайси биридан”, деб сўради. Даъволанаётганлигимни айтиб узр сўрадим. Лекин Бахтибей рус ароғидан биллур қадаҳларга қуйдириб, тўқиштириш учун кўтарди. Бир қадаҳдан ичилгач, жуфт бўлсин, деб яна биттадан олдик.
Тамадди қилгач, бир гаплашиб олсак, дедим. У вазиятни тўғри тушуниб, "шотирига" рухсат берди ва "ҳеч ким кирмасин", деб тайинлади.
Биз юмшоқ курсига ўтдик. Мен ҳолатни тушунтириб телефонимдаги дон маҳсулотлари компанияси иш бошқарувчиси Азимбейнинг аудио ва видеомурожаатини қўйиб кўрсатдим. Йигирма минутлардан кейин ўчиришни сўради ва "шундай бўлишини кўнглим сезган эди", деб анча вақт жим қолди. Шу топда пошшамиз бир неча йиллар олдин бир йиғилишда форслар яшайдиган штатнинг одамлари жуда ёмон бўлиши, "хизмат қиламиз, хизмат қиламиз", деб кекирдагингни узиб олади", дегани эсимга тушди.
Азимбейни кўриб, унга келтирилган зарарни қоплаш масалага ечим бўлишини, бунинг учун форс тилида сўзлашувчи яқин кишиларидан фойдаланиш кераклигини билдирдим. Бу ёзувлар фақат менда эканлигини, Азимбейнинг розилиги билан ўчириб ташлашимни айтиб, бир оз бўлса-да, унинг кўнглини кўтардим.
Хайрлашиб чиқиб кетар чоғимда даъволовчи врачига, зудлик билан қон босимини ўлчаб, заруратга қараб тегишли муолажа қилишни тайинладим.
Хонамга бориб, ўзим ҳам анча ҳаяжонланаётганимни ҳис қилдим. Қон босимимни ўлчатсам, анча кўтарилибди, дори ичдим. Ётиб ухлай, десам ухлай олмадим. Хаёл кўп жойларга олиб кетди: Бахтибей "кўча" одамларига яқинлигини эшитганман. Мени олиб чиқиб, жисмонан йўқотиб юборишлиги мумкун-ку ахир. Бу ишда мен ягона гувоҳ бўлиб турибман, ундан ташқари далиллар ҳам менинг телефонимда. Телефонимни ҳар эҳтимолга кўра ўчириб, ваннахонага яшириб қўйдим.