Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нимани, қанча истеъмол қилиш керак?

Ривожланган давлатларда, айниқса кейинги 20 йиллар давомида жисмоний меҳнатнинг камайиб, ақлий меҳнатнинг кўпайиши, таркибида рафинадланган маҳсулотларни истеъмол этиш натижасида атеросклероз, қон босими ошиши, қандли диабет, ўта семизлик, юрак касалликлари ва йўғон ичак раки каби касалликлар кўпаймоқда. Сабзавотларда ошқозон-ичак йўлида ҳазм бўлмайдиган озуқавий толалар мавжуд. Инсон организмида клечатка қанд моддасигача парчаловчи ферментлар бўлмаганлиги сабабли клечатка ва пектин ошқозон-ичак йўлларидан деярли ҳазм бўлмай ўтиб кетади. Лекин, улар ичак деворчаларига таъсир этиб, уларни ҳаракатлантиради ва ичакдаги озуқавий массаларни ҳаракатланиши натижасида ичакдан чиқиб кетишига ёрдамлашди. Яъни, ошқозон-ичак йўлларини ҳар хил касалликларни қўзғатувчи қолдиқлардан тозалайди.

Озуқавий толалар нонда, мева ва сабзавотларда, айниқса сабзи, лавлаги, карам, олхўри, олмада кўп бўлади.

Инсон бир кунда 30-70 г озуқавий толаларни истеъмол этиши керак. Лекин, олимлар ўтказган илмий изланишларида қайд этилишича, ҳозирги пайтда шаҳар ва ҳатто қишлоқ жойларида ҳам бу меъёр 20 г.дан ошмайди.

Мева, сабзавот ва резаворларни овқатланиш рационида етишмаслиги организмда C ва P витаминларини организмда камайишига олиб келади.

Озиқ-овқат маҳсулотларида ва организмда минерал моддаларнинг миқдори жиҳатидан макро ва микроэлементларга бўлинади. Микроэлементлар организм тўқималарини, айниқса, суяк тўқимасини қуришда катта рол ўйнайди. Кальций моддасининг манбаи сут маҳсулотлари ҳисобланади. Катта ёшдаги одамлар учун кальций ва фосфорнинг нисбати 1:1-1,5 оптимал ҳисобланади. Бу нисбат сигир сутида 1:0,8, мол гўштида 1:2, тухумда 1:3, творогда 1:1,4, карам ва олмада 1:0,7, сабзида 1:1 ни ташкил этади. Д витаминининг етишмовчилиги натижасида кальцийнинг сўрилиши бузилади. Худди шундай рационда оқсилнинг етишмаслиги кальцийнинг ҳазм бўлишини ёмонлаштиради. Кальцийнинг организмдаги миқдори бўйича кислород, углерод, водород ва азотдан кейин туради. Суяк тўқималари, асосан, кальций, магний ва фосфордан иборат бўлади. Организмдан кальцийни деярли 99 фоизи суяк тўқималарида жойлашган. У суякларни мустаҳкамлайди.

Энг тез ҳазм бўладиган кальций элементи сут ва сут маҳсулотларида бўлади. Шу маҳсулотлардаги кальцийни ўзлаштириш даражаси барибир 50 фоиздан ошмайди. Бошқа маҳсулотларда, айниқса, гўшт маҳсулотлари таркибидаги кальцийни ўзлаштириш даражаси бундан ҳам паст.

Йоднинг одам организмидаги миқдори 100-150 мг ташкил қилади. Унинг ярмидан кўпи қолқонсимон безда йиғилган бўлади. У йодли гормонларни синтез қилиш учун ишлатилади. Бундай гормонлар организм органларининг барча системаларининг фаолиятини бошқаришда қатнашади. Йоднинг соғлиқни сақлашда ҳам аҳамияти жуда катта, чунки у микроорганизмларни ҳалок қилади.

Асосий маҳсулотларда йоднинг миқдори жуда ҳам кам. Фақат балиқ гўштларида кўпроқ бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларида йоднинг жуда ҳам камлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда йодланган туз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

  Абдумалик Худойбердиев, Нажмиддин Мўминов, доцентлар.