Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ОИВ  барча мамлакатлар учун муҳим муаммога айланди

Иммунитет танқислиги вирусининг таъсири бугун фақат соғлиқни сақлаш тизимигагина эмас, балки кўплаб мамлакатларнинг иқтисодий ва миллий хафвсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда.

Сўнгги йилларда халқаро миқёсда ОИВ касаллиги тарқалишига қарши кураш масаласига ёндашувлар кескин ўзгарди. Дунёда, шу жумладан, республикамизда ҳам ОИВ инфекцияси бўйича вазият ўзгариб бормоқда. Бу эса ўз навбатида, ушбу инфекцияга қарши чора-тадбирларни мукаммал, замон талабларига мос ҳолда олиб боришни талаб этади.

Мамлакатимизда аҳолининг ОИВга қарши текширувини давр талабларига мос равишда ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берувчи ҳужжат Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг 2018 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг олдини олиш чора-тадбирлари ва тиббий ёрдамни ташкил этишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғи ҳисобланади.

ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг соғлиги бўйича ҳолатини ўрганиш ва баҳолаш ҳисобланиб, ОИВ инфекциясига барвақт ташхис қўйиш, бошқаларга юқишининг олдини олиш, тарқалганлик даражасини ҳамда унга қарши кураш тадбирлари самарадорлигини баҳолаш, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни белгилаш, эпидемиянинг ривожланишини назорат қилиш ва донорлар қони ва унинг таркибий қисмларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилади.

Шу ўринда ОИВнинг тиббий текшируви жараёнидаги айрим қоидаларга тўхталиб ўтамиз. Биринчидан, даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши шарт.

Даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходимлари ОИВни юқтириб олган шахсни даволашда ҳамда профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда шифокор сирини сақлаган ҳолда шахсга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиб, унинг ҳуқуқларини поймол қилмасдан зарур тиббий ёрдам кўрсатиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Агар текширувдан ўтаётган шахсда ОИВ аниқланган тақдирда, у билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилиб, диспансер ҳисобига қўйилиши ва мазкур шахс ўзга шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилиши белгилаб қўйилган.

Тиббий текширувдан ўтказиш натижалари шифокор сири бўлиб, уни шахс ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги таъкидланади.

Шахс аноним равишда текширувдан ўтказилиб, унда мусбат натижа аниқланганда, шахснинг қон намуналарини лаборатор таҳлил қилиш тўхтатилиши ва шахс билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилиши ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши тавсия этилиши мумкин.

Амалиётга татбиқ этилаётган ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига асосан, текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра, ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида тасдиқланган шаклдаги сертификат берилиши таъминланади. Ушбу сертификатни бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фақат ОИТСга қарши курашиш марказларида ҳақ эвазига амалга оширилиши ва бошқа тиббий муассасалар томонидан берилган ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қоидалари ушбу масалаларга оид муносабатларни тартибга солишнинг муҳим жиҳатларини ўзида мужассамлаштириб, мазкур муаммо бўйича фаолият олиб борувчи мутахассисларга амалиётдаги фаолияти учун самарали ёрдам беради.

М.ЧУЯНОВА,

Самарқанд ОИТСга қарши курашиш маркази лаборатория мажмуаси врач-лаборанти.