Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оммавий юриш яхши, лекин бу пайтда бошқалар тўхтаб қолмаслиги керак

Бундан бир ойча аввал юмуш билан Самарқанд шаҳрига келгандим. Панжикент кўчасидан Регистон майдонига яқинлашгач, бу йўл бульваргача ёпиқлиги, қандайдир спорт мусобақаси ўтказилаётганини айтишди. Ортга қайтиб, бир неча километр масофани айланиб шаҳарга кирдим.

Ўтган ҳафта шанба куни эрталаб эса Бўстонсарой ва Мирзо Улуғбек кўчаларининг маълум қисми ёпиқ экан – марафон ўтказилибди. Яна бошқа кўчалардан айланиб, белгиланган манзилга етиб бордим. Самарқандда ўзи шу Регистон, Бўстонсарой, Мирзо Улуғбек кўчалари бошқа йўлларга қараганда бироз текис ва юришга қулай. Рудакий кўчасига мана икки йилдирки юриб бўлмайди, гоҳ у ери, гоҳ бу ери ковланади. Шунинг учун тез-тез ёпиб қўйилади.

Спорт тадбирлари ўтказилиши яхши, лекин бундай тадбирларни истироҳат боғларида ёки спорт майдонларида ўтказса ҳам бўлади-ку. Шаҳарнинг барча кўчалари транспорт воситалари юришига яроқли бўлиб, бир нечта йўлларимиз бўлганда-ку майли эди, айримларини ёпиб, шундай оммавий тадбирлар ўтказилса. Фойдаланишга яроқли, туну кун автомобиллар билан тўла саноқлигина йўлларимиз бор. Шуларни ҳам тез-тез ёпиб, тадбир ўтказилишини тушуниш қийин.

Ж.Шарипов.