Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқув йилининг иккинчи ярим йили учун тўлов-контракт миқдорлари ўзгариши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори 7 фоизга оширилди.

ОЎМТВ ахборот хизматининг хабар беришича, олий таълим муассасаларида ўқитиш харажатларининг асосий қисмини, яъни 91 фоизини иш хақи ва стипендия тўловлари ташкил этиши инобатга олиниб, 2019/2020 ўқув йилидан тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати республикадаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғланди ва унга нисбатан карра баробарида белгиланган.

Амалдаги тартибга кўра, контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори (оширилган тўлов-контракт миқдори бундан мустасно) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда жорий ўқув йилининг иккинчи ярми учун ўзгариши мумкин.

Шу муносабат билан 2019/2020 ўқув йилининг иккинчи ярим йили учун олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматларига ўзгартириш киритилганда, қўшимча маълумот берилади, дейилади хабарда.