Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Озарбайжонда “Ўзбек киноси кунлари” бошланди

Кеча, 19 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Низомий номидаги “Кино маркази”да "Ўзбек киноси кунлари" ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Вагиф Алиев, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Шерзод Файзиев, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев ҳамда маданият ва санъат намоёндалари иштирок этди.

Маросимда сўз олганлар ушбу кино ҳафталиги икки халқ маданиятини янада яқинлаштириш билан бир қаторда, кино санъатининг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар икки мамлакатда кейинги йилларда кино соҳаси бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидландики, ҳафталик доирасида 6 та бадиий, 4 та ҳужжатли ва 1 та анимацион фильм намойиш этилади. Ушбу фильмларда севги, юртга бўлган муҳаббат ва ватанпарварлик каби мавзулар ёритилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда йилига 80 га яқин турли жанрлардаги фильмларни суратга олиш режалаштирилган. Берилаётган эътибор ва имкониятлар сабаб бугун ўзбек фильмларининг сифати, мазмуни яхшиланиб боряпти ҳамда улар халқаро кино фестивалларида эътироф этилмоқда.

Тадбирга йиғилган озарбайжонлик кино мухлислари ҳукмига ҳафталикнинг илк фильми - "Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий" бадиий фильми намойиш этилди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати.