Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон ИИВ Қозоғистонда «Нелегал» номли тадбир ўтказди

Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги келишувга асосан 18-22 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида “Нелегал” номли тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси ва миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ходимлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси консуллик вакиллари иштирок этди.

Вазирликнинг айтишича, тадбирдан мақсад жиноят содир этиб, қидирувда бўлган шахсларни ушлаш ҳамда республикамиз фуқароларига ноқонуний миграция ва унинг салбий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар беришдан иборат.

Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида ўтказилган тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 3 нафар халқаро қидирувда бўлган шахсларнинг яшириниб юрган манзиллари аниқланиб, улар қўлган олинди.

Миграция қонунчилигини бузган 6 нафар (1 нафар Қозоғистон Республикаси Давлат чегарасини қасддан ноқонуний кесиб ўтиш, 1 нафар ноқонуний миграцияни ташкил этиш, 4 нафар суд ҳукми, суд қарори ёки бошқа суд ҳужжати ёки ижро варақаси ижро этилмаслиги) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жиноий жазога тортилган бўлиб, чет эл фуқароларининг ишчи кучидан фойдаланиш қоидаларини бузган 56 нафар Қозоғистон Республикаси фуқаролари (иш берувчи)га нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, 186 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Қозоғистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун фуқароларимизга мажбурий тартибда давлатдан чиқиб кетиш бўйича суд томонидан ажрим чиқарилди ҳамда 427 нафар шахснинг Қозоғистон Республикасида бўлиш муддати қисқартирилди.

Тадбирлар давомида аниқланган 2.088 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан мазкур давлатда бўлиш тартиб қоидаларини бузмаслик юзасидан ва қонунчиликка амал қилиш бўйича алоҳида профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси томонидан Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида жойлашган хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган 218 нафар шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган фуқароларимиз билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, улар орасидан ёрдамга муҳтож бўлганларига ватанга қайтариш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Тадбирлар давомида Қозоғистон Республикаси ИИВ билан икки давлат ўртасидаги “реадмиссия” ҳақидаги келишувга асосан, хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган ва мажбурий меҳнат эксплуатациясига тушиб қолган ҳамда турли сабабларга кўра, ватанга қайтиб келолмаётган 83 нафар (23 нафари қайтарилди) фуқароларимизга нисбатан ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилмасдан, Қозоғистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборишга келишилди.

Шу билан бирга, Чимкент шаҳри ва Туркистон вилоятида жойлашган “Самал ва Сариагаш” номли халқаро автовокзалларда, Россия давлатига чиқиб кетадиган автотрассаларда турли хил нохуш ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш (об-ҳаво шароити ёмонлашганлиги сабабли) мақсадида автобус ҳайдовчилари ва йўловчилар орасида профилактик-огоҳлантирув ишлари ўтказилди.

Ҳозирги кунда Қозоғистон Республикаси ҳудудида икки давлат ИИВлари ва “Сана-Сезим” жамоатчилик фонди иштирокида ўтказилган тадбирлар натижасида 23 нафар қийин аҳволга тушиб, айримлари эса мажбурий меҳнат эксплуатациясига тушиб қолган ҳамда 10-15 йил давомида ватанга қайтиб келолмаётган фуқароларимизга Қозоғистондаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонаси орқали “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” консуллик тўловларидан озод этилган ҳолда расмийлаштирилиб, Ташқи меҳнат миграция агентлиги кўмагида “Олма-ота – Тошкент” авиарейси билан (авиачипта олиб берилиб) олиб келинишига эришилди.