Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда уйларнинг нархи ўртача 30 фоизгача арзонлашиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни қурилиш соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайди. Айниқса, кўп қаватли уйлар қурилиб, аҳолининг энг муҳим талаби қондирилмоқда. Хусусан, жорий йилда қишлоқларда 12 мингдан зиёд, шаҳарларда 18 мингдан ортиқ кўп қаватли турар жой барпо этилмоқда.

“Сардоба” сув омборидаги ҳодисадан кейин Сардоба ҳамда Мирзаобод туманларида қисқа муддатда 86 та беш қаватли уй қуриб битказилди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ушбу тажрибадан фойдаланиб, лойиҳаларни такомиллаштириш, турар жойларни аҳоли учун янада арзон қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Шунга мувофиқ, беш қаватли уйлар лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, хонадонларнинг жойлашуви ва хоналарнинг ички майдони мақбуллаштирилди. Қурилиш материаллари лойиҳага мос ўлчамда ишлаб чиқарилади, исроф бўлмайди. Ҳовли ва йўлакларга сенсорли электр чироқлари қўйилади. Бу каби тежамкор чоралар натижасида уйларнинг нархи ўртача 30 фоизгача арзонлашади.

Президентимиз ушбу лойиҳани маъқуллаб, бундай турар жойларни аҳоли зич жойлашган барча туманларда қуриш зарурлигини таъкидлади.