Ўзбекистонда зиёрат туризми учун катта имконият бор

Самарқандда Хитой, Россия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Босния ва Герцеговина, Польша, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатларининг етакчи олимлари, туризм соҳаси мутахассислари иштирокида «Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусидаги халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.

Самарқанд давлат университетида ўтказилган анжуманнинг очилиш маросимида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари А.Аккулов, вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев, Болқон давлатлари ректорлар ассоциацияси президенти Н.Ҳадзиравич ва бошқалар анжуман ишида туристик марказ ҳисобланган, ноёб диний сайёҳлик ресурсларига эга Самарқандда зиёрат туризмини тиклаш, ривожлантириш бўйича амалий, илмий ва услубий таклифлар ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидладилар.

- Мазкур анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши бежизга эмас албатта, - дейди Италиянинг Болония университети профессори С.Мантеллини. – Кўп минг йиллик тарихга эга бу шаҳар бугун ҳақиқий туризм марказига айланиб боряпти. Шаҳарнинг улуғ ва азиз авлиёлар, алломаларга Ватан бўлгани, Афросиёб ёдгорлиги, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Пайариқдаги Имом Бухорий мажмуаси бу заминдаги қадимий цивилизация ва маданиятдан дарак беради. Шунингдек, нафақат Самарқанд шаҳрида, балки вилоятнинг кўпчилик чекка туманларида ҳам зиёратгоҳлар, табиий дам олиш масканлари бор. Вилоятнинг ўрганилмаган бир қатор тарихий маконларини ўрганиш, улар ҳақида қизиқарли маълумотлар тўплаб, бу объектларга сайёҳларни жалб этиш, уларнинг тарихий салоҳиятини тарғиб қилиш ҳам соҳа ривожи учун хизмат қилади.

Конференциянинг «Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболлари», «Марказий Осиё – ислом илм-фанининг илғор ғоялари бешиги», «Зиёрат туризмини бошқаришнинг халқаро тажрибаси», «Маданият ва меъморчилик Марказий Осиёдаги маданий юксалтиришнинг ёрқин акси сифатида» каби шўъбаларида иштирокчиларнинг туризмни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир 130 дан зиёд маърузалари тингланиши режалаштирилган.

- Бундан ташқари, анжуман давомида туризмни ривожлантиришга масъул вазирликлар ва сайёҳлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун очиқ мунозара майдони ташкил этилади, - дейди Самарқанд «Ипак йўли» туризм халқаро университети проректори Б.Тўраев. - Туристик фаолиятнинг қонуний ва ҳуқуқий тартибга солиниши, турагентлар, туроператорларнинг зиёратгоҳ туризмини оммавий тарғиб қилиш, диний туризм бўйича тажриба алмашув, инновацион хизматлар, дастурлар, касбий технологияларни ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама этилади. Билдирилган фикрлар асосида соҳа истиқболига хизмат қилувчи таклифлар ва хулосалар чиқарилади.

А.Шерхолов.