Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Яқин келажакда Тошкент–Самарқанд ва Навоий–Бухоро йўналишларида 6 та тезюрар поезд қатнови иш бошлайди

Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчихонаси европалик журналистларга мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти ва кутилаётган янгиликлар юзасидан маълумот тақдим этган. Европанинг «Travel Tomorrow» сайёҳлик порталида Ўзбекистон элчихонасида ушбу мамлакатнинг етакчи сайёҳлик агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўтказилган учрашувга бағишланган мақола эълон қилинган.

«2023 йилда Ўзбекистонга салкам 7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрганини ҳисобга олсак, республика туризм соҳаси пандемиядан олдинги даражага қайтмоқда, - дейилади мақолада. - Мамлакат жорий йилда 10 миллиондан ортиқ сайёҳни жалб этиш, 2030 йилга бориб эса ушбу рақамни 15 миллион кишига етказишни режалаштирган».

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов мулоқот давомида республиканинг сайёҳлик салоҳияти ва соҳани янада ривожлантириш бўйича режалар билан таништирди.

«Сайёҳлар оқимининг мавсумийлигини камайтириш мақсадида Ўзбекистонда «Йилнинг исталган вақтида саёҳат қилиш» стратегияси устида иш олиб борилмоқда. Унинг доирасида баҳор ва кузда экологик, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш туризмини, ёзда сув ва курорт туризмини, қишда эса экстремал ва чанғи туризмини ривожлантириш бўйича тадбирлар амалга оширилади. Сайёҳлик мавсумининг очилишига бағишланган фестиваллар ташкил этилади», - дея элчининг сўзларидан иқтибос келтирган портал.

Нашрда маълум қилинганидек, Ўзбекистон 93 давлат учун визасиз режим жорий қилган, яна 57 мамлакат фуқаролари учун виза жараёни соддалаштирилган ва рақамлаштирилган. Бундан ташқари, республикада 6 та янги хусусий авиакомпания иш бошлади, бу Ўзбекистонга парвоз қилиш имконияти ва қулайлигини оширмоқда. 2030 йилга бориб эса 6 та йирик аэропортни реконструкция қилиш режалаштирилган.

«Ўзбекистонга борган сайёҳларнинг мамлакат бўйлаб бемалол саёҳат қилишлари, кўплаб йўналишларни кашф этишлари учун яқин келажакда Тошкент–Самарқанд ва Навоий–Бухоро йўналишларида 6 та тезюрар поезд қатнови иш бошлайди. Бунинг учун 600 километр қўшимча темир йўли қурилмоқда», - деб ёзилган «Travel Tomorrow»да эълон қилинган мақолада.

Манба