Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пахтачилик фирибгарлар электр энергияси истеъмоли учун йиғилган пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаган

Пахтачи тумани Чашма маҳалласидаги 14 та хонадон эгалари хўжаликда ишлатиш мақсадида ер ости суви чиқариш учун қуввати 9,2 кВт/с бўлган сув насоси ва унга тегишли тартибда ҳисоблагич ўрнатиб, ушбу насос истеъмол қилган электр энергияси учун тўловларни йиғиш ва туман электр тармоқлари корхонаси ғазнасига топшириб бориш вазифасини маҳалладошлари А.Х.нинг зиммасига юклаганлар.

Лекин фуқаро А.Х. маҳалла фуқаролари томонидан ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, туман электр тармоқлари корхонаси собиқ ходими З.Т. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, маҳалладошларидан сув насоси истеъмол қилган электр энергияси учун 2018 йил май-сентябрь ойлари ва 2019 йил май-август ойлари давомида йиғиб олинган 8 миллион 200 минг сўм пулларни туман электр тармоқлари ғазнасига топширмасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Пахтачи тумани бўлими томонидан фуқаролар А.Х. ва З.Т.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратурасига юборилди.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.