Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқ тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг собиқ бошлиғига “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди

Пайариқ тумани прокурори томонидан 2019 йил 30 октябрь куни туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими раҳбари ҳамда бошқа мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, 1984 йилда Пайариқ туманида туғилган З.Т. 2018 йил 10 августдан 2019 йил 30 апрелга қадар Пайариқ тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган даврида ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансабга совуққонлик билан қараш ҳамда мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир қилган.

Жумладан, у фуқаролар томонидан фермер хўжаликларининг 323,3 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, 8,692 квадрат метрда қурилиш амалга оширилгани, 627,7 гектар ерда ноқонуний равишда кўп йиллик боғлар барпо этилганлигини англаган ҳолда, хизмат мавқеига совуққонлик билан қараб, ушбу ноқонуний ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўрмаган.

Шунингдек, Пайариқ туманида 2019 йил ҳосилидан давлатга пахта хом-ашёси сотиш ҳажмларида қонунга зид равишда 13 та фермер хўжалик ерларида асоссиз равишда чигит экинлари “жойлаштирган”.

Булардан ташқари, З.Т. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори талабларига зид равишда ҳаракат қилган. Яъни, фармон қабул қилинган кундан сўнг 41 нафар фуқаро томонидан фермер хўжаликларининг 2,46 квадрат метр майдонида қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса-да, бу фуқароларга қонун талаблари асосида қурилиш қилганлиги ҳақида ижобий (сохта) хулоса берган. Оқибатда бу фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан туман ҳокимининг қарори чиқиши ва 2,46 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиб кетишига сабабчи бўлган.

Мазкур ҳолатлар бўйича 2020 йил 27 март куни Пайариқ тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг собиқ бошлиғи З.Т.га Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айб эълон қилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.