Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пенсия ва нафақа пуллари фуқароларнинг уйларига етказилади

- Карантин даврида фуқароларнинг пенсия ва нафақалари қай тарзда тўланади?

Севара ЖОНКЕЛДИЕВА,

Пайариқ тумани.

- Ҳозирги кунда вилоятимизда 320 мингдан кўпроқ фуқарога пенсия ва нафақа пуллари Халқ банки сайёр кассалари томонидан етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг март ойида 57 минг 461 нафар фуқарога пенсия пуллари тижорат банкларида очилган пластик карта орқали тўлаб берилди.

Жорий йилнинг 26 март ҳолатида вилоятда март ойи пенсия пулларининг 99 фоизи фуқароларга тўлаб берилган (уйда йўқ, вафот этган, кўчиб кетган, бошқа узрли сабаблар билан тўланмай турганлар қолган).

Республикамизга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан бошқа фуқаролар билан мулоқотларни камайтириш ҳамда уйда қолиш тавсия этилмоқда.

Пенсия ва нафақа олувчиларнинг асосий қисмини кекса ёшдаги фуқаролар ташкил этиши ҳамда амалдаги тартиб бўйича тўловлар маҳалла биноларида фуқароларни тўплаган ҳолда амалга оширилишини инобатга олиб, Халқ банки бошқарувига таклифлар киритилди. Унга кўра, апрель ойи пенсия пуллари фуқароларнинг яшаш манзилига етказиб берилади. Пенсия ва нафақа тўлови учун ажратилаётган маблағлар дезинфекция қилинган ҳолда фуқароларга етказиш тизими жорий этилади.

Вилоятда март ойида 80 мингдан ортиқ фуқарога пенсия пуллари уйларига етказиб берилган. Апрель ойи пенсия ва нафақа пуллари фуқароларнинг уйларига етказилганда, банк пластик карталарни очиш ҳамда келгуси ойдан нақд пулсиз шаклда пенсиясини олиш истагини билдирган фуқароларнинг аризаларини бевосита шу ерда расмийлаштириш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилган.

Абдурашид РАҲИМОВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.