Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қандли диабетни соғлом турмуш тарзи билан енгса бўлади

Вилоят Матбуот уйида вилоят эндокринология диспансери бош врачи Г.Негматова иштирокида ноябрь – Қандли диабет ойлиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир бошланиши аввалида анжуман иштирокчилари қонда қанд миқдорини аниқлаш, ЭКГ, УТТ, кардиолог, эндокринолог каби мутахассислар кўригидан ўтказилди.

Анжуманда вилоят эндокринология диспансери бош врачи, вилоят бош эндокринологи Г.Негматова Президентимизнинг 2019 йил 19 апрелдаги “2019-2021 йилларда Республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда ушбу дастур бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан маълумот берди.

Таъкидландики, бугунги кунда дунёда қандли диабет билан оғриган беморлар сони 400 миллиондан ошиб кетган. Бу 25-65 ёшдаги аҳолининг 7-8 фоизини ташкил этади. Ҳозир вилоятимизда мазкур касаллик билан рўйхатга олинганлар сони 26,5 минг нафарга етди. Шундан 1436 нафари қандли диабетнинг биринчи тури билан оғриган бўлиб, 334 нафарини ёш болалар, 104 нафарини эса ўсмирлар ташкил этмоқда.

- Кейинги пайтларда қандли диабет ва қалқонсимон без касалликлари билан оғриган болалар сони кўпайиб бормоқда, - дейди «Умид-Д» вилоят қандли диабет беморлари ва ногиронларига ёрдам берувчи жамият раиси Карина Татинцян. – Бунинг олдини олиш мақсадида шаҳар ва туманларда мунтазам тиббий кўрик ташкил этиш орқали бемор болаларни аниқлаб замонавий тиббий ёрдам кўрсатиб келяпмиз. Касалликнинг салбий омиллари хавф даражасини камайтириш мақсадида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда.

Вилоят эндокринология диспансерида 40 дан ортиқ янги лаборатор таҳлилларни текшириш йўлга қўйилган бўлиб, биокимёвий ва гормонал таҳлиллар, функционал диагностик текширувлар, эхокардиография, эхоэнцефалография ва оёқ қон томирларининг допплерографияси амалга оширилмоқда. Жорий йилда диспансерда янги тиреодолгия ва эндокрин жарроҳлик, диабетик тўпиқ, болалар эндокринологияси, интенсив даволаш ва реанимация бўлими ишга туширилди. 3,4 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари сарфланиб, экспресс лаборатория, қабул ва стерилизация блоклари учун янги бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Барча бўлимлар замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

Вилоятда эндокринолог мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда 30 нафар ёш шифокор Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака оширди.  Икки нафар шифокор эса Россиянинг етакчи клиникаларида тажриба алмашиб қайтди.

Матбуот анжумани иштирокчиларининг саволларига мутахассислар жавоб беришди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.