Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қизғанчиқ оталар бўлади холос...

Ассалому алайкум!

Дадажон, бугун ҳаётимда илк бор сизга мактуб ёзишга аҳд қилдим. Сизга айтмоқчи бўлганларим кўп. Мана уч йилдирки сиздан олисдаман, уч йилдирки уйда, қошингизда ўтирганимда сумкамнинг бир бурчагида мени яна Тошкентга олиб қайтадиган йўл билетим ҳам бор бўлади... Уч йил бўлди хонадондаги мақомим мезбон эмас, меҳмон дея атала бошланди. Шундай меҳмонки қалби ўша хонадоннинг ҳар бир бурчагига узилмас, маҳкам қилиб боғланган.

Дада, негадир ҳамиша энг кўп сизни соғинаман. Нурга тўла ҳаётимнинг ҳар бир хотиралари менинг қалбимнинг энг чуқур ерида беором қуш каби типирчилайверади.

Сиз бўйнимга тақиб қўйган дўланаларни эслайсизми? Менинг  соғинчим сиз ёнимда бўлган кунларни худди ана шу дўлана каби ипга тизиб хаёлимдан бирма-бир ўтказаверади.

Сизни, одатларингизни, феълингизни мен жуда яхши биламан. Энг кўп нимадан лол қолардим, биласизми, бирор хато қилсам, аввал хатойим даражасида жаҳлингиз чиқади, ўша даражада уришиб қўясиз. Кейин жим бўлиб қолиб, менга тикиласиз, яна жим туриб, аразимни ёки пиқиллай бошлаганимни кўриб, ўзингизни айбдор сезасиз. Мени ранжитиш ҳатто ўзингизга мумкин эмасдек жим қоласиз, ўша жимлик лаҳзаларида қовоғи қорга тўлиб бораётган қизнинг кўнглини ёритиш, булутлари бағрини ёриб чиқиш учун тинимсиз чора излайсиз. Бояги жаҳлни сиз лаҳза ичида меҳрга алмаштирасиз, куласиз, ҳазиллар қиласиз... Дадалар учун бахт фарзандининг шодлиги, унинг кўзларида порлаган қувончдан ўзга нарса эмасдек...

Дада,  мен сизга, меҳрингизга жуда суяниб қолган эканман. Мен жуда кўниккан эканман жамики ташвишларимни елкангизга ортиб. Бу ерда, менга бегона бўлган шаҳарда, шундай катта шаҳарда катта-кичик ташвишларимга яккама-якка тура олиш анчагина қийин экан. Сиз менга болалигимдан ҳаётнинг энг чиройли рангларини кўрсатгансиз, мен ҳаёт камалакка ўхшаган бўлади, деб улғайибман. Лекин...

Сиздан бироз хафаман... Сиз менга оқ ва қора ранглар ҳақида айтмагансиз. Сиз айтмагансиз, ҳамма одам бирдек меҳрибон эмас, деб. Дўстлик ҳақида чиройли эртаклар айтгансиз, лекин бир куни чин дўстим ортимдан пичоқ санчиши мумкинлигини айтмагансиз. Ҳамиша ўзингиз каби меҳрибон бўлишни ўргатгансиз, аммо баъзан одамлар меҳрни оёқости қилиб, қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириши мумкин эканидан огоҳ этмагансиз. Балки дадажон, айтмоқчи бўлгансизу ўша ўйилган қовоқни кўриб ҳар сафар индамагансиз, аягансиз қизингизни...

Ёлғизлик ҳақида ҳеч нарса демадингиз, шундай ёлғизликки, атрофингиз тўла одам, дўстларингиз, бошқалар... Кўплар ичра ёлғизлик. Заҳарга ўхшаркан у, қалбга кириб, хаёлда айланиб киши кўнглини тинимсиз эзғиларкан. Ичингиз гапга тўладию соқов одам каби яшайверасиз...

Дада,  қизингизнинг эси йўқ. Эслайсизми, сўнгги уч йилда неча марталаб қўнғироқ қилиб, ўзим ясаган фожиани ваҳима қилиб йиғлаганман... Менинг бўғиқ, инграган овозим лаҳза ичида фиғонингизни фалакка чиқарган. Қулоғингизга ортиқ гап кирмай қолади. Овозингиз, нафасингизда бутун дунёни остин-устун қиладиган қудрат, шижоат пайдо бўлгандек туюлади. Сиз йиғлоқ овозимга тоқат қилолмайсиз, ё гўшакни қўясиз, ё онамга тутқазиб, индамай кетиб қоласиз... Йиғлоқини йиғлатган сабабни, унга ечимни излашга уринасиз, минг хаёлга борасиз. Биламан, олисда туриб йиғласам сиз жуда қийналасиз, лекин барибир сизга, фақат ўзингизга суянгим келади... Дада, қизингиз бироз ёлғончи ҳам. У аслида анчагина иродали, сизга қўнғироқ қилиб йиғлаганларида бир нималарни айтиб ваҳималар қилгану, аммо аслида фақат сизни соғингани учун йиғлаганини айтолмаган. Дада, бирор марта айтолмабман соғинганимни. "Дада, сизни соғиндим" – бор-йўғи уч сўз, аммо бу уммон каби қалбим, меҳрим ва соғинчим олдида бир томчи ҳам бўлолмайди...

Ўтган куни бир қиз ёнимда телефонида бир қўшиқни хаёлчан тинглаб турганди. Юлдуз Усмонованинг қўшиғи. "Ўнгдан келди калхатларни кўрган тушим, Учди-кетди бошимдаги ҳумо қушим, Қолавердим тошга уриб етим бошим..."

Дада, жуда ёмон бўлиб кетдим. Аллоҳ умрингизни зиёда қилсин. Ҳеч бир қиз бу қўшиқни эшитишини истамайман. Мен ҳам! Дунёдаги энг бахтли қиз отасининг меҳрига бурканиб ўсган қиз мен учун. Инсон қалбини патентлаш имкони бўлса, шубҳам йўқки, менинг қалбимга "ота меҳри билан тўйинтирилган" деб битиб қўйилади. Бу учун сиздан миннатдорман.

***

Бир гап айтайми, дада, мен илгари дунёда ёмон оталар ҳам бўлади, деб ўйлардим. Негаки, кўп бор эшитганман, гувоҳи бўлганман, аёли иккинчи ёки учинчи қиз фарзандини дунёга келтирганида, жаҳл қиладиган оталарни. Кўп ҳайрон ҳам қолардим, хафа бўлардим. Нима бўлади қизлари кўп бўлса?!

Яқинда тоғам илк бор қизини узатди. Тўй, ҳамма шоду хуррам, байрамона кайфият. Лекин ўтиб кетаётиб,  уйнинг бир бурчагида тоғамни кўрдим, кўзлари жиққа ёш, забардаст елкаси силкиниб, ўкиниб йиғлаяпти... Мен тоғамни ҳеч ёмон кайфиятда кўрмаганман, ҳар доим бахтиёр, самимий...

Шунда университетда бўлган бир ҳолат ёдимга тушди. Маъруза, бир қизнинг тоби қочиб қолгани учун ёши каттароқ бир домла унинг аҳволидан хавотирланиб, шериги билан ҳамшира ёнига бориб келишини айтиб, хонадан чиқариб юборди. Кейин хаёлчан келиб, мунг тўла кўзлари билан гапира кетди:

- Қиз бола ҳамиша ўзини авайлаши керак, ҳадеб сиқилиш, асабийлашиши керакмас. Ҳар нарсани кўнгилга яқин олмаслик керак.

Жим туриб қолиб, яна сўз бошлади. У худди ўзига ўзи гапираётгандек эди:

-Туғилганидан бошлаб ҳар бирини кипригимни асрагандек, авайлаб ўстирдим. Кўнглига қарадим, шодлиги учун ҳамма нарса қилдим, озгина ранжиса қўшилиб дилим оғриди. Тўртталасини ҳам бирдай яхши кўрдим, ўқитдим. Узатдим. Йигирма-йигирма беш йил гулдек авайлаб ўстирган қизингни, бир "мутаҳҳам" келиб, оладию-кетади... Ўтирасан, соғиниб, кутиииб...

Ўшанда тушундимки, дунёда ёмон оталар бўлмайди, шунчаки энг қизғанчиқ оталар бўлади, улар қизлари кўп бўлишини истамайди.

***

Боя сизга айтгандим, қизингизнинг эси йўқ деб. Ҳозир ундай эмас, унга анча "ақл кириб қолган" - у энди олисда туриб сизга йиғи-сиғи қилмайди. У энди ўзи йиғлаб ўзи овунишни ўрганган. Сизга қўнғироқ қилганда ҳамиша бахтиёр сўзлашади, сизни бахтиёр этишни истайди.

Дада, мен ҳаммасини ичимга ютишни бошладим, соғинчимни ҳам, изтиробимни ҳам. Муаммоларимга қарши ўзим тик туришни ўргандим. Синов берган Аллоҳ сабр ҳамда иродани ҳам инсон қалбига жо қилиб бераркан. Минг турли вазиятда минг хил ўй, ҳолат ва ҳис билан яшашимга тўғри келди, баъзан Ўзи йўл кўрсатиб, тўғри йўлдан бора олдим, ўзимга яраша хатолар ҳам қилдим. Аммо ҳеч ҳам енгилмадим, енгилмайман... Менинг ҳаётдан кутаётганларим кўп. Мени кутаётганлар, иқболимга интизорларим кўп, елкамда оқланиши керак бўлган ишонч бор.

Асқад Мухторнинг "Ўзимники эмас бу умр... Тўла меникимас сезиб турибман" деган мисралари сира хаёлимдан кетмайди. Бас, инсон умри фақатгина ўзиники эмас экан, у фақат ўзини ўйлаб, ўзи учун яшолмайди. Инсон умрининг маълум қисмида бу умрининг кўркига ранг қўшган, бу умрнинг бугунги жозибасида ўз ҳиссасини қўшганларнинг ҳаққи бор... Фарзандлик шундай бурч: умрингизни бахтга буркаган инсонларни бахтли бўлиши учун бахтли бўлишингиз шарт. Ота-оналаримизга мана шу кифоя. Улар биздан бундан ортиқ ҳеч нарса кутишмайди...

Дадажон, ҳар бир инсон туғилибдики, маълум бир мақсад йўлида ҳаракатда бўлади. Бахт эса ҳамиша ҳам тўкис бўлмайди, унинг учун баъзан товон тўлашга тўғри келади, баъзан нимадирлардан кечиш керакдек.

Мен ҳам товон тўлаяпман. Мен мақсадимга олиб борадиган йўлдаман. Аммо бу йўллар Сиздан, дийдорингиздан анча олисда. Ота-она, оила ва яқинлардан олисда ўтказилган умрнинг ҳар дақиқаси, кўплар ичра ёлғизликда кечган ҳар бир лаҳза дунёдаги энг қиммат товон бўлса керак.

Мана шу тўланаётган энг қиммат товон ҳаққи-ҳурмати мен кутганларимга эришмоғим шарт. Сиз кутганларни ижобат қилмоқ менинг бурчим. Дадажон, дуойингиз ҳамда Яратганнинг ўзи паноҳ бўлсин.

Дадажон, мен дунёдаги энг яхши фарзанд эмасдирман, лекин дунёдаги энг яхши даданинг фарзандиман. Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!

(Bong.uz)

Соғиниб, соғиндим деб айтолмайдиган, сизни дунёлардан ортиқ кўрувчи қизингиз...