Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қорадарё кўприги қачон битади?

Самарқанд шаҳрининг Оқдарё, Пайариқ, Қўшработ, Иштихон туманлари билан боғловчи асосий йўли Қорадарё дарёси кўприги орқали ўтади. Ўтган йилнинг июль ойида мазкур кўприк бироз оғиб, бир қисми чўккан эди. Шундан буён кўприкнинг бир томонида транспорт воситаларининг ҳаракати чеклаб қўйилган.

Вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига қарашли вилоят кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси қурувчилари томонидан ҳозирда ушбу йўлни кенгайтириш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Бошланишида қурувчилар яхши ишлаб, кўприкни анча жойини битказиб ҳам қўйишди. Аммо кейинги кунларда бу ерда ишлар сусайиб қолди шекилли, қурилиш олдинга силжимаяпти?

- Лойиҳага кўра, 27 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган, - дейди вилоят кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Аҳад Ўроқов. - Ҳозиргача 14 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Кеча-кундуз ишлаб темир-бетон устунлар, 36 тонналик бетон (балка) қопламаларни ўрнатдик, монтаж ишлари амалга оширилди. Ҳозирда кўприкнинг деярли тенг ярми қуриб битказилди. Аммо "Қўйлиқ кўприклар темирбетон қурилмалар тажриба заводи" унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган темир-бетон қопламалар ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги сабабли ишлар анча сустлашиб қолди. Тез орада қолган маблағ ҳам ажратилса, йил охиригача яна 31 дона балка олиб келиб кўприк қурилишини якунлаймиз.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.

Ҳусан ЭЛТОЕВ олган суратлар.