Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қорасувдаги узилишларнинг бирига тадбиркорнинг ўзбошимчалиги, иккинчисига фидердаги авария сабаб бўлган

Кеча, 12 ноябрь куни Zarnews.uz телеграм каналида эълон қилинган, фуқаро Ғанишер Ўташевнинг “Свет” ўйнагани сабаб лифтда қолиб кетяпмиз, уйимизга кириб-чиқишда қийналяпмиз” мазмунидаги мурожаати юзасидан Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси қуйидагиларни маълум қилади.

Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 11 ноябрь куни соат 17:20 лар атрофида Қорасув массивидаги янги уйларда электр энергиясида узилиш содир бўлган.

Шаҳар электр таъминоти корхонаси тезкор бригадаси томонидан ушбу ҳолат ўрганилганда, хусусий тадбиркор Ҳ.Эшонқулов ушбу кўп қаватли уйлар атрофидан савдо дўкони қуриш учун объектнинг ертўла қисмини ковлагани ва электр узатувчи тармоқларнинг 6 кВли кабелига зиён етказгани маълум бўлди. Ушбу ўзбошимчалик оқибатида ҳудудда электр энергияси таъминотида узилишлар содир бўлган.

Мутахассисларнинг фикрича, қурувчилар электр таъминоти корхонаси билан келишган ҳолда шартнома тузиб, шундан сўнг ишни бошлашлари керак. Бироқ тадбиркор Ҳ.Эшонқулов объект ертўласида ковлаш ишларини олиб боришда электр таъминоти корхонаси билан ҳеч қандай келишув амалга оширмаган (Таҳририятдан: муносабатда тадбиркорга қонуний чора кўриш учун тегишли ташкилотларга тақдимнома киритилгани ҳақида баён этилмаган).

Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасининг тезкор бригадаси томонидан Қорасув массивидаги ушбу узилишлар кечанинг ўзида соат 22:30 да бартараф этилди. Шу кунги электр энергияси таъминотидаги узилишларга Қорасув массивидаги Самарқанд туманига қарашли “Гулдор” фидерда соат 12:30 да авария ҳолати юзага келган ва узилиш 13:45 да бартараф этилган.

“Самарқанд ҲЭТК” АЖ ахборот хизмати.