Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработ туманидаги мутасадди участка учун 5 гектар ер сотган

Шахсий томорқа учун 50 сотих ер сотиб олишни хоҳлайсизми? Бугунги шароитда бундай қулай имкониятга рад жавобини берадиган одам топилмаса керак. Аммо бундай валломатни топиш мумкинми?

Ишониш қийин, бироқ топса бўларкан. Қўшработлик Жасур Умиров (исм, фамилиялар шартли) ана шундай уддабуронлардан экан. У 10 нафар фуқаронинг ҳар бирига 50 сотихдан ер участкаси сотган. Қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек фермер хўжалиги ҳисобидаги экин майдонларини харид қилаётган фуқароларнинг ҳеч бири бу иш ноқонуний эканлигини хаёлларига ҳам келтирмаган.

Камига Жасур Умиров бунгача ҳам фирибгарлиги учун суд қарори билан жавобгарликка тортилган. Давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши сабаб унга тайинланган жазо енгиллаштирилган. 2016 йил 12 октябрь кунги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорига асосан ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод этилган.

Аммо у бундан тўғри хулоса чиқармай, яна жиноятга қўл урди. Бу сафар ҳам фирибгарлик, қўшимчасига ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноят содир этган.

...Фуқароларга Қўшработ тумани Навкат маҳалласидаги “Мўжиза карвони” фермер хўжалигига тегишли 5 гектар экин майдонининг ҳар бир сотихини бир миллион сўмдан шахсий участка қилиб олиш учун сотиб юборган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти ҳудудий танлов комиссиясининг 2018 йил 19 майдаги йиғилиш баёнига асосан “Аср карвони” масъулияти чекланган жамияти директори Ж.Умиров Қўшработ тумани Работ қишлоғида жойлашган маънавият ва маърифат марказининг бўш турган биносини “ноль” харид қийматида сотиш бўйича савдо ғолиби деб топилган. Ж.Умиров ушбу “ноль” қийматдаги бинога 300 миллион сўм инвестиция киритиб, тегишлича иш ўринлари ташкил қилиши керак бўлган. Бироқ бинога тегишли кўп миқдордаги, яъни 100 миллион 302 минг сўмлик шифер, болор, дераза ва ромларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиб, жамоат ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар етказган.

Жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани судининг 2019 йил 12 февралдаги ҳукми билан жазонинг ўталмаган қисмини тўлиқ қўшиш йўли билан 1 йил 4 ой 19 кун моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ж.Умировнинг аризасига асосан ўтказилган жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанцияси ажримига кўра, жазо адолатли тайинланган, шу боис шикоят қаноатлантирилмади.

Отабек ҚОДИРОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судья катта ёрдамчиси.