Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Қурол тўғрисида”ги қонунда нималарга рухсат берилди?

Ушбу қонун қабул қилингач, аксарият одамларда “Энди ҳамма қурол сотиб оладими, хоҳлаган қуролни сотиб олиш мумкинми”, деган саволлар туғилмоқда.

Аввало қайд этиш лозимки, қурол сотиб олиш, олиб юриш ва сақлаш борасида илгари 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бор эди ва қонун билан улар яхлит ҳужжат ҳолига келтирилди.

Қонун бўйича фақат рухсат берилган фуқаролар қурол сотиб олиши, сақлаши ва олиб юриши мумкин. Сотиш ҳам фақат махсус рухсат берилган дўконларда амалга оширилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Самарқанд вилоятида фақат Самарқанд шаҳридаги иккита дўконга фуқаровий қурол сотишга рухсат берилган.

Қонунга кўра, қурол уч турга - жанговар қурол, хизмат қуроли ва фуқаровий қурол турларига бўлинди. Жанговар қурол ички ишлар, миллий гвардия, ДХХ, божхона, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат вазифасини бажариш чоғида фойдаланадиган қуроллар. Қайси хизматда, қайси қурол турларидан фойдаланилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилади.

Хизмат қуроли – инкассация, почта, табиатни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига хизмат вазифасини бажариши учун бериладиган қуроллар. Қайси хизмат ходимлари, қайси қуролдан фойдаланишини Вазирлар Маҳкамаси белгилаб беради. Сақлаш ва олиб юриш учун Миллий гвардия томонидан рухсат берилади.

Фуқаровий қуролларни фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганларга сотиб олиш, олиб юриш ва сақлашга рухсат Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан берилади.

Қонун билан соҳага оид ўзгаришлардан яна бири, илгари қурол сотиб олиш, олиб юриш ва сақлашга ички ишлар идоралари томонидан рухсат бериларди. Қонунга мувофиқ бу иш энди Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Шунингдек, энди бир йилга эмас, уч йилга рухсат берилади.

Бундан ташқари, олдинги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қурол сотиб олиш, олиб юриш ва сақлашга рухсат бериларди. Қонунга кўра, энди чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам белгиланган талаблар асосида рухсат берилади.

Аввал фуқарога нечта қурол сотиб олиш, олиб юриш ва сақлаш мумкинлиги тўғрисида норма йўқ эди. Қонунда 5 дона силлиқ стволли, 3 дона сойли стволли, жами 8 тагача қурол сотиб олиш, олиб юриш ва сақлаш мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Кўпчилик билади, шу пайтгача пневматик қуролларга рухсатнома олиш шарт эмас эди. Қонун билан пневматик қуролларга ҳам рухсатнома олиш мажбурий қилиб белгиланди.

Шунингдек, қонун билан қурол сотиб олиш, олиб юриш ва сақлаш борасида алоҳида-алоҳида ёш нормалари белгилаб қўйилди. Хусусан, ҳимоя қуролларини сотиб олиш учун 18 ёш, ов қуролларини сотиб олиш учун 21 ёш белгиланди.

Ўз навбатида, қонунга мувофиқ фуқаровий қурол уч турга бўлинади - ов қуроли, спорт қуроли, ҳимоявий қурол.

Олдин ҳимоявий қуролларга – электрошок қурилмалар, учқун чиқаргичлар, газли балончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар, резинали тўппонча ва бошқаларни сотиб олиш, олиб юриш ва сақлашга рухсат йўқ эди. Қонун билан энди бунга рухсат берилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳимоявий қуролни фақат сотиб олиш, олиб юриш ва сақлашга рухсат этилади, фойдаланишга эмас. Ҳимоявий қуролдан фойдаланиш бўйича алоҳида йўриқнома ишлаб чиқилади.

Ҳимоявий қуролни жамоат жойларида, аҳоли гавжум масканларда олиб юриш қатъий таъқиқланади. Ушбу қоидаларни бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонун 2020 йил 30 январдан кучга киради.

Тўйчибой ҚЎЗИБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Самарқанд вилояти бошқармаси назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими бошлиғи, подполковник.