Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россияда “Ўзбек киноси кунлари” бошланди

1-5 октябрь кунлари Россиянинг Москва ва Қозон шаҳарларида “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтади. Кеча Ўзбекистондан борган 34 нафар делегациямиз вакиллари Москвада ижодий намойишларини бошлади. Тадбирларга Россияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик киноижодкорлар ташриф буюрди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Россия Федерацияси Маданият вазирлиги ва мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ўтказилаётган ушбу тадбирлар жараёнида ўзбек фильмлари тақдимотларидан ташқари, кино санъати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлар ташкил этилиши режалаштирилган.

-   Кино кунлари доирасида Ўзбекистон ва Россиянинг йирик кинокомпаниялари ўртасида қўшма кино лойиҳаларини ташкил этиш бўйича қатор меморандумлар имзолашни режалаштирмоқдамиз, – дейди “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Шунингдек, турли йилларда яратилган ва айни пайтда Россиянинг “Госфильм” фондида сақланаётган ўзбек фильмларини қайтариш бўйича музокаралар олиб борилади.

Ўзбекистон делегацияси таркибидаги бир гуруҳ ёшлар кино мутахассислари учун “ВГИК”, “Мосфильм” киностудияси ҳамда Россиянинг кўзга кўринган кино усталари иштирокида маҳорат сабоқлари ва тренинглар ўтказилади.

“Ўзбек фильмлари ҳафталиги” тадбирлари доирасида россиялик кино томошабинлар ва ўзбек диаспораси вакилларига янги ўзбек киноларини томоша қилиш, фильм ижодкорлари - Ражаб Адашев, Матёқуб Матжонов, Фотиҳ Жалолов, Карим Мирходиев, Адиз Ражабов, Хусан Рашидов, Феруза Саидовалар билан суҳбатлашиш имкони яратилади.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги ахборот хизмати.