Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рудакийнинг қабри қаерда?

Самарқанд шаҳрининг марказий майдонларидан бирида тожик халқининг мумтоз шоири Абу Абдуллоҳ Рудакийга эҳтиром кўрсатилиб, ҳайкал ўрнатилган.

Барчамизга ёд бўлиб кетган "Жаҳон шодликлари йиғилса бутун, дўстлар дийдоридан бўлолмас устун", деган шоҳ сатрлар муаллифи бўлган бу буюк шоир қаерда яшаган, унинг мангу қўним топган манзили қаер эканини биламизми?

Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъонийнинг “Насабнома” (Абдуғафур Раззоқ Бухорий ва Комилжон Раҳимов таржимаси. Тошкент - “Ҳилол нашр", 2017 й.) китобини ўқиб, VIII-XII асрларда Ўрта Осиёда яшаб ўтган шоир ва алломалар ҳақида бирмунча маълумотларга эга бўлдим. Ас-Самъоний 1113 йилнинг шаъбон ойида Марвда туғилиб, 1167 йилда шу ерда вафот этган. Бу жаҳонгашта инсон турли юртларга қилган сафарлари давомида етти минг машойихдан таҳсил олган. У элликка яқин номдаги тарихий, географик, илмий-адабий диний-маърифий ва бошқа мавзулардаги асарлар муаллифидир. Юқорида номи зикр этилган асар унда келтирилган барча маълумотлар асослилиги билан қимматлидир. Масалан, Саъмоний самарқандлик машҳур муҳаддис ва фиқҳ олими Ал-Банжий ҳақида маълумот берар экан шундай ёзади: “Банж (Панж) – Самарқанд ноҳиясидаги Рудак (Руд – дарё, -ак қўшимчасини олгач - ариқ, ариқча - Ғ.Ф.) деган жой. Панж – Рудакнинг машҳур қишлоғи. Таниқли шоир Абу Абдуллоҳ ар-Рудакий шу қишлоқдан. У кишининг қабрлари “Панж Рудак”даги боғнинг орқасида бўлиб, зиёрат қилинади. Мен қабрларини зиёрат этганман”(172-бет).

Яна бу ҳақда шу китобнинг 198-бетида бу қишлоқдан етишиб чиққан бошқа бир олим тўғрисида маълумот берар экан: “Рудак Самарқанддаги ноҳия. Шу ноҳияда бир қишлоқ бор. Унинг номи “Панж” бўлиб,

Самарқанддан икки фарсах (бир фарсах аксарий ҳолда 6-7 километр - Ғ.Ф.) олисда жойлашган. Бу ерда машҳур шоир, гўзал ва ҳикматли сўзлар соҳиби, ажам диёрида “ас-Соиру девона” (Сайёҳ девона) лақаби билан ном қозонган Ас-Самарқандий яшаган. Унинг қабри “Панж Рудак”даги боғнинг орқасида бўлиб, зиёрат қилинади. Мен қабрларини зиёрат этганман”.

Бу маълумотлар бизнинг Рудакий ҳақидаги билганларимизни тўлдиради. Дарҳақиқат, Абу Абдуллоҳ Рудакий ўз замонасининг форсийда шеърлар битувчи забардаст шоирларидан эди. У киши ҳақларида шундай дейилган: “Инна аввала ман қола аш-шеър ал жаййида бил форсия – ар-Рудакий” (Албатта, форсийда биринчи бўлиб яхши шеър айтган Рудакийдир). Абу Саъд ал-Идрисий айтадилар: “Абу Абдуллоҳ Рудакий форсийда шеър ёзишда ўз замонасининг пешволаридан эдилар”. Бухоро амири Исмоил ибн Аҳмад ас-Сомонийнинг вазири Абул Фазл ал-Балъамий: “Лайса ли ар-Рудакий фил - араби ва ла фил-ажами назийр” (Араб ва ажам диёрида Рудакийга тенг келадигани йўқ). Рудакий ҳижрий 329 (милодий 942) йилда Рудакда вафот этганлар”, дея қайд этган.

Келинг, энди бу асардаги маълумотларда бошқа ҳудудларнинг Самарқанддан оралиқ масофаларини келтирилишига эътибор

берайлик:

“Урухс - Самарқанд қишлоқларининг (гап Ургут тумани ҳақида бормоқда -  Ғ.Ф.). Шовзар ноҳияси. Самарқанддан тўрт фарсах узоқликда тоққа яқин”. 

“Манзиллар: Иштихон – Самарқанддан етти фарсах узоқликдаги шаҳар”.

“Хартанг – Самарқанддан уч фарсах узоқликдаги қишлоқ”.

Кўрсатилган масофалар ҳозирги давр ўлчамларига солиштирилса, деярли баробар келишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Тўғри, орадан неча асрлар ўтиб айрим гўшалар вайронага айланган, жойи, номи ўзгарган ёки аҳолисининг кўчиши оқибатида барҳам топган бўлиши мумкин. Шундай эсада, Хартангга нисбатан  Самарқанд шаҳрига бир фарсах яқинроқ, яъни атиги икки фарсах наридаги Панж қишлоғи ҳозирда ҳам мавжудми? Бор бўлса қаерда?

Турли эҳтимолларни инкор этмаган ҳолда ҳозирда Панжоб дея аталаётган ва бугунги кунда шаҳар таркибига қўшилиб кетган қўрғонни ўқувчимизга эслатишни лозим кўрдим. Назаримда Самарқанд шаҳрининг шарқий томонида Пайшанба-Сиёб номи билан юритилаётган яна битта қишлоқ мавжуд. Ўз оқими давомида йўл-йўлакай Сиёб, Қорасув, Оби машҳад каби номлар билан аталиб, ниҳоят Мотруд дейилган ариқнинг Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний томонидан Рудак тарзида қайд этилган атамаси деб ҳисоблаш тўғрига ўхшайди.

Ўз асарида қўлланилган ҳар бир сўз, шахс ва жой номларининг имлосига, оралиқ масофаларига ўта эътиборли бўлган машҳур тарихчининг ноаниқликка йўл қўйиши мумкин эмас.

Панжшанба қишлоғи турли даврларда бир қанча улуғ инсонларга бешик бўлган кўринади. XIX асрда Самарқандда яшаган тарихчи олим Абу Тоҳирхожа ўзининг “Самария” (Тошкент, "Камалак” нашриёти, 1991 йил) китобида шундай маълумотни келтиради:

“24. Хожа Ориф маҳтоб мозори. Шовдор туманида бўлган Панжшанба қишлоғида, Сияҳоб ариғининг яқинидадир. Унинг мозори билан шаҳар ораси 1 тошу 2 тошнинг учдан бири (16 чақирим) чамаси келади. ...қабрлари “Панж Рудак”даги боғнинг орқасида бўлиб, зиёрат қилинадиган”.

Ушбу маълумотни аниқлаштириш учун Панж қишлоғидаги қадимий боғнинг ўрнини топиш, аввало, шу қишлоқ фаоллари, қолаверса, юртимизнинг олим, археолог ва фозилларидан ўрганишлар олиб борилишини, умуман, бу маълумотларга муносабат билдиришларини истардим.

Ғайбиддин Фазлиев.