Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Руди Фанг: Сингапур халқаро сайёҳлик бизнеси билан Ўзбекистондаги сайёҳлик хизматларини таққослашга ҳали эрта

“Ипак йўли” туризм халқаро университети қошидаги Марказий Осиё ва Жанубий-шарқий Осиё халқаро туризм тадқиқот маркази томонидан “Буюк Ипак йўлида жойлашган давлатларда ресторан ва меҳмонхона бизнесини ривожлантириш” мавзусида I халқаро семинар ўтказилди.

Самарқанд шаҳридаги “Регистон Плаза” меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирда туризм соҳаси мутахассислари, халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Ўзбекистон халқаро сайёҳлик бизнеси соҳасига илк қадамларини қўяётган бир пайтда туризм индустрияси вакиллари ва манфаатдор томонлар бу борада юқори тажриба ва салоҳиятга эга Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари каби тажрибали ҳамкорлардан сайёҳларнинг талаб ва истакларини, уларга ортиғи билан хизмат кўрсатишни ўрганиши зарур. Шу мақсадда ташкил этилган анжуманда халқаро экспертлар соҳа мутахассисларига ўз тажриба ва кўникмаларини тақдим қилди.

- Сингапур халқаро сайёҳлик бизнеси билан Ўзбекистондаги сайёҳлик хизматларини таққослашга ҳали эрта, - деди Ўзбекистон-Сингапур туризм маркази директори Руди Фанг. – Сингапурда туристларга хизмат қилувчи мутахассисларни тайёрлашдан тортиб, уларни ишга жойлаштириш ва соҳани ривожлантиришгача бўлган жараён бир-бири билан узлуксиз боғланган.

Ўзбекистон халқаро сайёҳларга жаҳон стандартларига мос тарзда хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш борасида ҳали кўп ишларни амалга ошириши, етук мутахассис кадрлар тайёрлаши, ҳудудларда экотизимни яхшилашга эришиши лозим. Шуниси қувонарлики, Жанубий-шарқий Осиё туризм халқаро тадқиқот маркази кейинги беш йил давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўз филиалларини очишни режалаштирмоқда. Марказ Сингапур тажрибасидан фойдаланишни мақсад қилган.

Маълумот учун: 2019 йилнинг декабрь ойида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ва Бухоро давлат университети Сингапурнинг “Ўзбекистон-Сингапур” туризм маркази билан ҳамкорликда дунёда ягона – Марказий ва Жануби-шарқий Осиё туризми халқаро тадқиқот марказига (CASEA-InTouReC) асос солган.

Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети марказнинг бош таълим муассасаси бўлиб, Бухоро давлат университети магистрлик бўлими ҳисобланади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.