Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университети 600 ёшдами?..

Инсоният тараққиётининг барча босқичларида илм-фаннинг жамиятдаги ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Тарихдан маълумки, одамзот табиатни билиш, ўрганиш ва ўзидан кейинги авлодларга ўргатиш орқали тамаддуний ривожланишни таъминлаган. Бир ора диний тасаввурлар билишнинг асосий шакли сифатида амалда бўлган. Шу туфайли илм-фаннинг асосий бешиклари нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам асосан диний муассасалар замирида шаклланди ва ривожланди.

Европада ҳозирда мавжуд аксарият қадим университетлар диний ташкилот замирида шаклланган. Ғарбда ўрта асрларда мавжуд кўп тармоқли олий ўқув муассасалари "университетлар" деб номланган бўлса, мусулмон Шарқидаги ушбу таълим муассасалари “олий мадраса” ёки “мадрасаи олия” мақомига тўғри келади.

Ўзбекистон ҳудудидаги “Мадрасаи олия”ларнинг энг эътибор­лиси 1420 йилда темурийзода Улуғбек Муҳаммад Тарағай (1394-1449) томонидан асос солинган Мирзо Улуғбек мадрасаси эди. Мирзо Улуғбекнинг мадрасаи олияси ўз замонасининг университети мақомида бўлиб, Мовароуннаҳрдаги кейинги давр илму фани ривожи ва таълим тараққиётида муҳим аҳамият касб этган.

Мирзо Улуғбек мадрасаси темурийлар давлатида ҳукм сурган башарий ва иқтисодий тараққиёт натижасида вужудга келган. Европа давлатларида ҳам илк университетлар ҳунармандчилик ва савдо тараққий этган, маданий юксалган Италиянинг Болонья (XI аср), Франциянинг Париж (1215 йил), Буюк Британиянинг Кембриж (1209 йил), Оксфорд (XII асрнинг иккинчи ярми), Швециянинг Уппсала каби шаҳарларида шаклланди. Улар дастлабки ташкил топган даврида университет даражасида бўлмаган. Фаолиятининг илк даврида мазкур ўқув юртлари “Ўқувчилар цехи”, “Ўқитувчи ва ўқувчилар гильдияси”, “Ўқитувчи ва тингловчилар гильдияси” деб номланган. Уларда universitas атамаси универсал таълимни англатмаган. Ҳатто шаҳарларнинг ўзи ҳам universitas civium, яъни, “бирлашма фуқароси” каби тушунилган. Фақатгина XIV-XV асрлардан бошлаб мазкур бирлашмалар алоҳида академик таълим даргоҳи сифатида фаолият кўрсата бошлаган. Дастлабки университетларда худди мусулмон Шарқи мадрасаларидаги каби ўқиш муддати ҳам, талабаларнинг ёш чегараси ҳам белгилаб қўйилмаган. XIV асрнинг охирларидан бошлаб шаҳарларнинг кенгашлари университетлар учун алоҳида бинолар ажратиб бера бошлаган. Дарслар одатда савол-жавоб ва диспут (мунозара) шаклида олиб борилган.

Дастлабки даврда Мирзо Улуғбек мадрасасида асосан аниқ фанларни ўқитишга катта эътибор қаратилган. Шайбонийлар давридан бошлаб ўқув дастурларида аниқ фанлар улуши камайиб, диний фанлар миқдори ошган. Айни даврда Европа университетларида ҳам диний фанлар анчайин кенг ўтилган бўлиб, бу ҳар иккала минтақада ҳам мавжуд сиёсий вазият, диний маданият билан боғлиқ бўлганлиги шубҳасиз. Лекин аксарият ҳолларда Европа университетларида диний билимлар ўқитилганлиги назардан четда қолдирилиб, кўпроқ Шарқдаги мадрасаларда ўқитилган фанлар диний асосда, дея талқин этилади. Ваҳоланки, Европа университетлари черков томонидан ёрлиқ берилгандагина ўз фаолиятини давом эттира олган.

Мирзо Улуғбек мадрасаси икки қаватли, 48 ҳужрадан иборат эди. Ҳар бир ҳужра 2-4 талаба учун мўлжалланган бўлиб, улар уч қисмдан: ётоқхона, дарсхона, озиқ-овқат маҳсулотлари хонасидан иборат бўлган. Мирзо Улуғбек мадрасасининг биринчи мударриси ўз даврининг йирик донишманди Мавлоно Муҳаммад Хавофий эди. Мадрасада юздан ошиқ талабага ўз замонасининг улуғ олимлари, етук алломалар – Қозизода Румий, Мирзо Улуғ­бек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Аловуддин Али Қушчи, Фатҳуллоҳ Ширвоний, Мавлоно Ҳожийи Табризий, Мирзойи Хоразмий, Мавлоно Амири Калон, Қози Соқий Зоминий кабилар аниқ фанлар (илми ақлия)дан дарс берган. Мадрасада мураккаб ўқув жараёни йўлга қўйилган. Мирзо Улуғбек мадрасасида таълимни ўтаб, махсус имтиҳонлар топширилгач, битирувчига гувоҳнома (диплом) – санод берилган.

Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳр темурийлар салтанатини бошқарган қарийб 40 йилик замон тилими орасида унинг Самарқанд, Бухоро, Ғиждувондаги мадрасаларида ва мамлакатнинг бошқа мадрасаларидан етишиб чиққан олимларнинг катта илмий мактаби шаклланди. Улуғбек яратган илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб борган. Айниқса, мадрасада астрономия, математика, геометрия фанларига бағишланган бир қатор қўлланмалар яра­тилган. Мирзо Улуғбек мадрасасидаги илм-фан ўрта осиё­лик машҳур олимлар, дунё илм-фани ривожига таъсир кўрсатган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Берунийлар бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди.

Европадан фарқли равишда, мусулмон Шарқидаги “мадрасаи олия”ларда ўқитиш тизими ва таълим сифати анчайин юксак бўлиб, буни Мирзо Улуғбек мадрасаси қошида илмий тадқиқотлар, хусусан, ҳайъат, ер курраси, сайёралар ва юлдузлар ҳолатини кузатишга бағишланган ишларни ташкил этиш маркази ва уларнинг натижасини таълим жараёнига татбиқ этишни назарда тутувчи илмий марказ – расадхонанинг мавжудлиги ҳам кўрсатиб беради.

Мирзо Улуғбек мадрасаси қошидаги астрономия илмий маркази ушбу фан ривожига улкан ҳисса қўшиб, у кейинги ўрта асрларда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади. Бу мактаб таъсирида Шарқ мамлакатлари, хусусан, Ҳиндистонда расадхоналар бино қилиниб, астрономик кузатишлар натижасида илмий асарлар яратилди. XVII ва XVIII асрларда яратилган Шаҳобуддиннинг “Зичи Шоҳижаҳоний” ва Савой Жой-Сингҳнинг “Зичи Муҳаммад шоҳий” асарлари Мирзо Улуғбекнинг “Зичи Кўрагоний” асари таъсирида ёзилган. Бундан ташқари, Улуғбек самовий жисмлар вазиятини юқори аниқлик билан ўлчаш мақсадида қурдирган астрономик асбоб ҳам айни шу илмий мактабнинг маҳсули бўлган. Мирзо Улуғбек мадрасаси қошидаги “Астрономия мактаби”да яратилган ўқув қўлланмалардан XX аср бошларида ҳам фойдаланилган.

Марказий Осиё мадрасаларида исломий илмлар (нақлий илмлар) билан бирга, дунёвий фанлар (ақлий илмлар) дастлаб имло усулида олиб борилган бўлса, кейинчалик ўқитишда тадрис (шарҳ, изоҳ, тафсир) усулидан фойдаланилган. Мирзо Улуғбек мадрасасида ҳафтанинг тўрт кунида: шанба, якшанба, душанба ва сешанба кунлари дарс машғулотлари ўтказилган. Ҳафтанинг қолган кунлари мустақил таълим кунлари учун ажратилган бўлиб, берилган топшириқлар бажарилган ва такрорланилган. Жума куни мусулмонлар учун одатий дам олиш куни бўлганлиги учун мадрасада дарс бўлмаган. Ҳар бир бўлимда (адно, авсат, аъло) фанларни ўқитиш соддадан мураккабга қараб борилганлиги мадрасада фанларни ўзлаштиришдаги тизимли таълимнинг мавжудлигини кўрсатади.

Мадрасаларда таълим жараёни асосан уч йўналишда (блокда) олиб борилган: шариат, араб тили филологияси ва ҳикмат. Ўқув босқичларининг ўқиш муддати аниқ белгиланмаган. Талабалар бўлимларда белгиланган китобларни ўқиб, мударрисга имтиҳон топширгач, кейинги босқичга ўтган.

Марҳум академик Б.Вали­хўжаевнинг келтиришича, Мавлоно Зайниддин Восифий “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида (XVI асрнинг ўрталари) Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида Мавлоно Ҳожийи Табризий, Мирзойи Хоразмий, Мавлоно Амири Калон каби ўнлаб мударрислар турли фанлар юзасидан тадқиқотлар олиб борган. Шунингдек, олим XVI аср охири XVII аср бошларида Роқим Самарқандийнинг “Тарихи Касира” асарида Мирзо Улуғбек мадрасаси ўз фаолиятини давом эттирганлигини ва унинг мударриси Самарқанд қозиси Қози Соқий Зоминий бўлганлигини келтиради.

Аштархонийлар даврида Самарқанд ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўшбий (1576-1656) томонидан 1619-1636 йилларда Шердор ва 1646-1660 йилларда Тиллакори мадарасаларининг қурилиши Самарқандда илм-фан ва мада­ниятнинг тараққиётини янада юқорига кўтарди. Самарқанд аштархонийлардан бўлган Абулфайзхон (1711-1747) тасарруфида бўлган даврда шаҳар кўчманчи жунғор ва ойратлар томонидан эгалланган (1723 й.). Айни давр инқироз даври юз бериб, қаровсиз қолган ва бир муддат тахминан 7 йилча шаҳарда аҳоли яшамаган. Бухоро амири Дониёлбий даврида (1758-1785) унинг ўғли Шоҳмурод Самарқандга ҳоким (1765-1785) этиб тайинлангач, Шоҳмуроднинг ташаббуси билан ислоҳотлар ўтказили, Самарқандда мадрасалар фаолияти жонланиб, илм-фан ва маданият тараққий эта бошлаган.

Шу ўринда таққослаш мақсадида Европа давлатларидаги баъзи университетлар фаолиятидаги тўхталишларга эътибор қаратсак. Шарқда Петербург Академияси ва Ғарбда немис университетлари билан рақобатлаша олган Тарту университети 1632 йил 30 июнда Швеция қироли Густав II Адольф ҳомийлигида ташкил этилган. 1665 йилдан то 1690 йилгача Тарту университети сиёсий бўҳронлар ва мамлакатда тарқалган очлик натижасида 25 йил ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Европанинг йирик университетларидан яна бири – Уппсаланинг Швециядаги черков реформацияси даврида 1515 йилдан 1595 йилгача (80 йил) фаолияти расман тўхтатилган. 1595 йил Уппсаладаги черков қарори билан университет ўз фаолиятини қайта тиклаган. Варшава (Польша) университети ташкил топганидан (1817) кўп вақт ўтмай, 1830 йилда ўз фаолиятини тўхтатганлиги ва кейинчалик айни номда фаолиятини тиклагани, 1364 йилда ташкил топган Краков (Польша) университети ҳам университет ҳомийси, Польша ҳукмдори Казимир III вафотидан кейин 1370 йилдан 1400 йилгача (30 йил) ўз фаолиятини тўхтатган. Шунингдек, 1414-1510 йилларда (95 йил) ҳам Краков университети қирол томонидан ректор тайинланмаганлиги боис ўз фаолиятини тўхтатади. Краков университети 1561 йилдан бошлаб том маънода католик мазҳабининг Европадаги ҳимоячисига айланди. Дунёвий фанларни ўқитишда католик архиепископларидан рухсат сўралган.

Туркистоннинг Россия империяси томонидан эгалланиши натижасида Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолиятида қисман сусайишлар бўлганлиги кўзга ташланади. Лекин мадраса фаолияти тўлиқ тўхтатилган эмас.

Вақти-вақти билан мадраса талабалари сонининг кўпайиб- пасайганлигини ҳам кузатиш мумкин. Дастлабки ташкил топган даврида Мирзо Улуғбек мадрасасида 200 дан ортиқ талаба таҳсил олган бўлса, кейинги даврларда улар сони камайган. Масалан, 1868 йил маълумотларига кўра, мадрасадаги 24 та ҳужрада 48 нафар муллавачча яшаган бўлса, 1873 йилга келиб талабалар сони 30 нафарга тушиб қолган. XX аср бошларига келиб эса талабалар сони 108 нафарга етган, уларга Ёрмуҳаммад ва Абдукарим кичкина мударрислик қилган.

Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолиятининг сўнгги даврларида мазкур таълим даргоҳида машҳур маърифатпарварлардан мударрислар тайинланган. Масалан, 1909 йилдан Мирзо Улуғбек мадрасасига Саидаҳмад Васлий Самарқандий (1870-1925) мударрислик қилган. Саидаҳмад Васлий 1917 йилдан кейин ҳам ўзининг педагогик фаолиятини давом эттирган. Мирзо Улуғбек мадрасасида очилган ўқитувчилар тайёрлаш курсида умрининг охиригача (1925 й.) ёш ўқитувчиларга дарс берган.

1926 йилнинг сентябрь ойида бугунги кунда Университет хиёбони деб аталадиган бульварда шаҳар аҳолисининг оммавий митинги бўлиб, унда олий ўқув юрти очиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва бўлажак университет ўқув биносини яратиш учун пойдеворнинг дастлабки ғишти тантанали равишда қўйилди. Самарқандда олий педагогик ўқув юрти очиш тўғрисидаги масала ҳукумат миқёсида анча олдин 1925 йил 3 мартдаги Республика Халқ маорифи комиссарлиги Коллегиясининг махсус йиғилишида муҳокама қилинган эди. Турли йўналишлар бўйича олийгоҳга қабул жараёнлари 1927 йилнинг 2 январидан бошланиб, ўзбек тилидан биринчи синовни машҳур ўзбек олими ва мутафаккири Абдурауф Фитрат ўтказ­ганлигини таъкидлаш лозим. 1927 йил 22 январда эса Самарқандда Олий педагогика институти ташкил этилганлиги тантанали эълон қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Амир Темур ва унинг ворислари даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда марказлашган давлатга асос солиниши, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши, шаҳарлар тараққиёти илм-фаннинг ривожида асосий омил бўлди. Айниқса, Мирзо Улуғбек асос солган Самарқанддаги мадрасаи олия ва ушбу таълим даргоҳи қошидаги илмий тадқиқот маркази – Улуғбек расадхонаси фаолияти бир неча асрлар давомида Шарқ ва Ғарб илму фанида дастуриламал бўлиб хизмат қилди. Мадраса тараққиёт даражаси, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда жамиятдаги кадрларга бўлган талабни қондира олган бош муассасалардан бири ҳисобланади.

Мирзо Улуғбек мадрасаси баъзи сиёсий жараёнлар таъсири натижасида ўз фаолиятини бир муддат тўхтатган (1723-1765 йиллар, тахминан 40 йилдан ортиқ) бўлса-да, умумий ҳисобда 1420 йилдан 1927 йилгача фаолиятини давом эттирган. Шундай қилиб, 600 йилдирки, дастлаб Мирзо Улуғбек мадрасаси, унинг давомчиси сифатида 1927 йил 22 январда ташкил топган бугунги Самарқанд давлат университети минтақада олий маълумотли кадрлар тайёрловчи асосий ўқув муассасаси сифатида муносиб фаолият кўрсатиб келмоқда

Бобир ҒОЙИБОВ, Самарқанд давлат университети “Ўзбекистон тарихи” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори.

Суннатилло МУҲИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети “Ўзбекистон тарихи” кафедраси тадқиқотчиси.