Самарқанд электр тармоқлари корхонасидан тадбиркорларга 400 миллион сўмдан кўпроқ ундириб берилади

Бунга корхона Каттақўрғондаги иссиқхоналарни огоҳлантирмасдан таъминотсиз қолдиргани сабаб бўлган.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, “Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda” МЧЖ ва “Murodullo Bobo-N.F.M.” фермер хўжалиги полиз экинлари етиштириш ҳамда аҳолини эрта баҳорда полиз экинлари билан таъминлаш каби савобли, бир вақтнинг ўзида даромадли ишга қўл урган. Бунинг учун тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига Хитойдан келтириб технология асосида иссиқхона қуриб, аҳоли, айниқса ёшларни иш билан таъминлаган.

Иссиқхонани юритиш учун “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти билан шартномавий муносабатга киришиб, интизомли тўловчи сифатида сарфланган электр энергияси ҳақини вақтида тўлаб келган. Бироқ 2020 йил 18 ноябрдан 19 ноябрга ўтар кечаси 6 соат мобайнида ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр энергиясидан узиб қўйилган. Оқибатда помидор ва бодринг етиштирилаётган иссиқхонада ҳарорат пасайиб, ҳосил музлаб қолган ва нобуд бўлган.

Ўша куни тадбиркорларга етказилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида Каттақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари, жамиятга хизмат кўрсатувчи банк вакиллари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими раиси, туман ИИБ бошлиғи, қишлоқ хўжалиги боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш бўйича туман вакили, туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси ҳамда жамият вакиллари иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.

Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб, электр корхонасининг айби билан етказилган зарарни ундириш мақсадида Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъво аризалари киритилди.

Суд низоларни қонун доирасида кўриб чиқиб, жавобгар “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖдан “Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda” МЧЖ фойдасига 88 миллион сўм, “Murodullo Bobo-N.F.M.” фермер хўжалиги фойдасига 332 миллион 577 минг 500 сўм етказилган зарарни ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари қабул қилди.

И.Ҳамроқулов,

Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг судьяси.

Р/S: Ижрочилар тадбиркор манфатлари қаноатлантирилгани ҳақида жамоатчиликка маълум қилишади, деган умиддамиз.