Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида қурилаётган “Самарқанд туристик маркази” қачон фаолият бошлайди?

“Самарқанд туристик маркази”да вилоят ҳокимлиги, вилоят туризмни ривожлантириш департаменти, Жомбой ва Самарқанд туманлари ҳокимлик вакиллари ҳамда тегишли олий таълим муассасалари масъуллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда 2022 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган “Самарқанд туристик маркази”га ёш кадрларни танлаб олиш ҳамда олий таълим муассасалари битирувчилари, соҳага қизиқувчи ишсиз ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Ушбу туристик марказ ишга туширилгач, 2 мингга яқин иш ўринлари яратилади. Марказга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ва меҳмонларга жаҳон тажрибаси асосида, юқори сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида ишга қабул қилувчилар танлов асосида олинади.

- Президентимиз 2019 йилнинг июль ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, вилоят аҳолиси учун қулай шарт-шароитга эга дам олиш маскани яратиш бўйича топшириқлар берган эди, - дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Жасур Раҳмонов. – Мажмуада анжуманлар маркази, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, сузиш ҳавзалари, умумий овқатланиш шохобчалари, тематик боғлар ҳамда кўнгилочар объектлар қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу марказнинг ишга туширилиши билан профессионал ишчиларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида ҳозирданоқ марказ маъмурияти томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ишлар бошланди. Марказ томонидан талабгорларни танлаб олиш, уларни ўқитиш ҳамда ушбу йўналишда ҳамкорлик ишларини ташкил этишга келишиб олинди.

Н.Аҳмедова.