Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тумани масъулларига туризм ўгай соҳами?

Вилоятимизда туризм борасида Самарқанд ва Ургут туманлари Самарқанд шаҳридан кейинги салоҳиятли ҳудудлар саналади. Негаки, туризм соҳасини мазкур икки ҳудудда иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бирига айлантиришнинг имкони мавжуд.

Шу боис, ушбу туманларнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни комплекс ривожлантириш бўйича вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 8 январдаги “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Бироқ Самарқанд тумани ҳокимлиги томонидан унинг ижросини таъминлаш учун масъуллар бириктирилиб, муддатлар белгиланмаган. Оқибатда 26 та банддан иборат “Йўл харитаси”нинг бор-йўғи 7 тасининг ижроси тўлиқ таъминланган.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида айтиб ўтилган.

Қайд этилишича, туманда экотуризм ва овқатланиш объектларини қуриш истаги бўлган ташаббускорлар, фермер хўжаликлари билан учрашув ташкил қилиб, уларнинг ер майдонлари, кредит ва бошқа ресурсларга бўлган эҳтиёжлари аниқланмаган.

Туманда пандемия шароитида амалга оширилиши мумкин бўлган топшириқлар ижросига ҳам жиддий эътибор қаратилмаган. Масалан, жорий йилнинг апрель-май ойлари давомида йўл бўйидаги бекатларни хатловдан ўтказиб, ақлли бекатлар ташкил этиш топшириғи ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ачинарли ҳолат, бугунги кунга қадар автомобилларга ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларидаги санитария-гигиена қоидаларининг аҳволи ҳамон қониқарсиз ҳолатда. Мисол учун, туманда мавжуд 59 та автомобилларга ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларидан 13 тасининг ҳожатхоналари талабга мутлақо жавоб бермайди. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг бир йил олдин, яъни 2019 йил 21 сентябрдаги қарорида бу борада аниқ топшириқлар белгилаб берилган эди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 11 майдаги чора-тадбирлар режасида жорий йилнинг июнь-июль ойларида экотуризмга мослашган Оҳалик, Миронқул маҳаллаларига олиб борувчи автомобиль йўллари ҳолатини яхшилаш, пиёдалар ўтиш йўлакларини ташкил этиш, йўл белгиларини ўрнатиш ва мазкур қишлоқлар тўғрисидаги маълумотлар стендини ўрнатиш топшириғи бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмаган.

Ўз навбатида, ушбу ҳудудда алоқа ва интернет сифатини яхшилаш топшириғи ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Туризм салоҳияти мавжуд ҳудудларни хатловдан ўтказиб, аниқланган ер участкалари туризм хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун электрон савдога қўйилиши зарур. Бироқ Самарқанд туманида шу кунга қадар туризм хизматлари ташкил этиш бўйича бирорта ер майдони е-Ijro.auksion электрон савдосига жойлаштирилмаган.

Ваҳоланки, бу топшириқ Президентимизнинг 2020 йил 28 январдаги “Туризм ва спорт соҳаларидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар тўғрисида”ги йиғилиш баёнида берилган.

Бундан ташқари, Самарқанд туманида “Шабона” дам олиш маскани, “Учқун”, “Мусаффо”, “Соғлом авлод”, “Қурувчи” болалар оромгоҳлари ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига қарашли 5,8 гектар, Самарқанд давлат архтитектура ва қурилиш институтига қарашли 23 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган дам олиш масканларидан самарасиз фойдаланилмоқда.

Шу билан бирга, Ўрта Оҳалик маҳалласи ҳудудида жойлашган, умумий майдони 6,3 гектар инвестицион мажбуриятлар асосида “Оҳалик сиҳатгоҳи” МЧЖга берилган “Оҳалик” сиҳатгоҳи қаровсиз аҳволга келиб қолган.

Йиғилишда тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ҳар ой якуни билан амалга оширилган ишлар юзасидан асослантирувчи ҳужжатлар ва фотосуратлари билан вилоят ҳокимлигига ёзма ахборот киритиш белгиланган.