Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туманидаги боғчалар ўрганилаётгани ёлғонмиди?

Бундан 20 кун аввал сайтимизда “Самарқанд туманидаги аксарият давлат мактабгача таълим ташкилотлари талаб асосида фаолият кўрсатмаяпти” сарлавҳаси билан мақола эълон қилинганди.

Бир кун ўтмай вилоят мактабгача таълим бошқармаси мақолага муносабат билдирди.

Унда муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олингани ва шаҳар, туман сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётгани баён этилганди. Натижалар ҳақида маълум қилиниши билдирилган мақоладаги гаплар номигагина айтилганга ўхшайди.

Негаки, яқинда вилоят ишчи гуруҳи жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида ўрганиш ўтказиб, бир қатор камчиликларни аниқлаган. Таассуфки, мактабгача таълим ташкилотларида ҳамон мавсумга тайёргарлик борасида муаммолар етарли эканлиги кузатилган.

Хусусан, Самарқанд тумани Бўзи маҳалласидаги 16-мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари давомида 1 та бинонинг том қисми ёпилмаган. Кўмир ва брикет захираси йўқ, бир сўз билан айтганда, муассаса куз-қиш мавсумига тайёр эмас.

Бундай ҳолат бошқа туманларда ҳам аниқланган. Жумладан, Булунғур туманидаги 13-мактабгача таълим ташкилотининг 1 та биноси том ва пол қисмини таъмирлаш, эшик ва ромларини алмаштириш, бино ташқи фасадини пардозлаш, қозонхона қуриш ишлари якунланмаган. Ишчи гуруҳ муассаса куз-қиш мавсумига тайёр эмаслигига гувоҳ бўлган.

Бундан ташқари, Пайариқ туманидаги 14-мактабгача таълим ташкилоти ҳам куз-қиш мавсумига мутлақо тайёр бўлмаган. Биноси таъмирталаб боғчада қўлбола иситиш печларидан фойдаланиляпти. Бу эса ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди.

Муаммо ва камчиликлар Самарқанд шаҳридаги МТТларда ҳам аниқланган.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 4-, 1- ҳамда 80-мактабгача таълим ташкилотларининг баъзи дераза-ромлари синган, яроқсиз, 4-МТТнинг том қисми таъмирталаб аҳволда.

Демак, муаммо муносабат билдириш билангина ҳал этилмас эканда?!

Ёқуб МАРҚАЕВ.