Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ташкилотининг 15 нафар аъзоси қўлга олинди

Бугун, 18 сентябрь куни ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган “Хизб ут-Тахрир” диний-экстремистик ташкилотининг Тойлоқ, Самарқанд, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳрида яшовчи 15 нафар аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди.

Қўлга олинган шахсларнинг яшаш манзилларидан экстремистик мазмундаги материаллар процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабарига кўра, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот тариқасида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан “Хизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.