Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди

Президентмизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси таркибида Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Муассаса Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тизимидаги илмий маркази негизида фаолият юритади ва унинг замонавий лабораторияларга эга бўлган минтақавий филиаллари ташкил қилинади.

Марказ ва унинг минтақавий филиаллари фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш ва улар кириб келишининг олдини олишга қаратилган илмий асосланган фитосанитар чоралар тайёрлайди. Карантиндаги ва бошқа хавфли зарарли организмлар ўчоқларини йўқ қилиш ва улардан ҳоли бўлган ҳудудларни белгилаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича дастурларни ва диагностикаси экспресс-усулларини ҳамда қарши курашишнинг услубларини ишлаб чиқади. Зарарли организмларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини илмий жиҳатдан ўрганади, уларни зарарсизлантиришнинг инновацион усулларини ишлаб чиқади ва янги турдаги энтомофаглар яратади. Инспекция ходимларига, тадбиркорлик субъектларининг агроном ҳамда энтомологларига билим берилади, уларнинг малакасини оширилади ва қайта тайёрланади. Марказ ва унинг минтақавий филиаллари ходимларига республика илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини татбиқ этиш вазифалари қўйилди.

Қарорга кўра, 2020 йил 1 ноябрдан экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорларга ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилади. Улар маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштиради, маслаҳатлар ва амалий ёрдам беради. Ўз ҳудудида аниқланган зарарли организмлар ҳамда фитосанитар дала назоратини ўтказиш тўғрисида инспекцияга ихтиёрий мурожаат қилган ва уларнинг оқибатларини бартараф этган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

2021 йил 1 январдан хусусий сектор томонидан ташкил этилган, аккредитациядан ўтган, карантин лабораториялари томонидан экспортга юкланаётган мева-сабзавот маҳсулотларига ва бошқа материалларга хулоса беришга рухсат берилади.

2021 йил 1 апрелдан хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари юкхоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва “детектор – хизмат ит”ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.

2020-2023 йилларда вилоят Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Вилоят Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва туманларда 2020-2021 йилларда ташкил этиладиган ўсимликлар клиникалари, биолабораториялар ва қадоқлаш цехларининг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Марказга бириктириладиган муассасалар қошида уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича карантин лабораториялари ташкил қилинади.

Йил якунига қадар “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизимини “Ягона дарча” божхона ахборотлаштирилган тизимига интеграция қилиш ишлари тўлиқ якунланади. Унга фермер ва деҳқон хўжаликлари, боғ-токзорлар, аҳоли томорқалари, об-ҳаво тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Декабрга қадар “e-Fitouz” тизими базасида “даладан экспортгача” бўлган занжирни қамраб олувчи тизим яратилади ва ишга туширилади.

Шунингдек, ҳужжат билан карантиндаги ва экспортга салбий таъсир этувчи бошқа хавфли зарарли организмлар тарқалган ҳамда улардан ҳоли бўлган ҳудудларнинг электрон хариталари юритилишини жорий қилиш ва “даладан экспортгача” бўлган занжирда “бар-код” тизимини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Акрам ФОЗИЛОВ,

вилоят Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати.