Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ўтказиладиган "Сувни асранг!" акцияси вилоят ҳокимлиги эътиборида

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида эртага - 20 июлда ўтказиладиган “Сувни асранг!” акциясини ўтказиш, уни ташкил қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича йиғилиш ўтказилди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган йиғилишда ички ишлар идоралари ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тегишли бошқарув идоралари мутасадди ходимлари, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, бугунги кунда дунёнинг 2 миллиарддан кўпроқ аҳолиси тоза ичимлик суви танқис ҳудудларда ҳаёт кечираётган бўлса, йилига 5 миллион нафар фуқаро сифатсиз ёки кафолатланмаган сувни истеъмол қилиш оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда.

- Ўзимизда ҳам сув муаммосидан азият чекаётган ҳудудлар оз эмаслиги бошқа жойдаги одамларимиз сувдан тўғри фойдаланяптими, деган ҳақли саволни келтириб чиқаради, – деди Э.Турдимов. – Шу боис, аҳолида сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, у исроф бўлаётган ҳолатларга нисбатан муросасизлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ушбу акция ўтказилмоқда.

Қайд этилганидек, "Сувоқова" давлат унитар корхонаси ходимлари ва ёшлар иттифоқининг кўнгилли ёшлари бугун кун бўйи шаҳар, туманларда аҳоли хонадонларида сувдан фойдаланиш ва тежаш ҳолати, жойлардаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ўрганади. Бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боради.

Акция доирасида вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси томонидан 14 та авария-тиклаш бригадалари ташкил қилинган. Махсус транспорт воситалари ва пайвандлаш ускунлари билан таъминланган ушбу бригадалар кўнгиллилар томонидан аниқланган носозликни бартараф этиш чораларини кўради.

Б.ХОНКЕЛДИЕВ.