Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги чиқинди ташиш корхонасида 1 та абонентга 2 та ҳисоб варақаси очилган

Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар учун қарздорлик 7,5 миллиард сўмга етган. Бу ҳақда бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган аппарат йиғилишида айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 22 октябрдаги фармони ижроси юзасидан “Мароқанд Обод” ДУК томонидан амалга оширилаётган ишлар вилоят ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.

Бугунги кунда корхона томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига юридик шахсларнинг қарздорлиги 1,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Шундан, 330,8 миллион сўми бюджетдан молиялаштириладиган корхона ва ташкилотлар, 342,4 миллион сўми хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, 756,6 миллион сўми хусусий корхоналар ҳисобига тўғри келмоқда.

Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар учун эса қарздорлик 7,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Ўрганиш давомида Боғи сафеди маҳалласи аҳолисига “Мароқанд обод” ДУК тўлиқ хизмат кўрсатмаётганлиги сабабли тўлов амалга оширилмаслиги билдирилган.

“Мароқанд обод” ДУК томонидан олиб борилаётган ҳисоботларда ушбу маҳалла аҳолисининг қарздорлиги 74,1 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан юк автомашинаси ёллаб, чиқиндиларни олиб чиқмоқда.

Ўрганиш натижаларига кўра, “Мароқанд обод” ДУКнинг “Clientcity.uz” биллинг дастури орқали юритилаётган маълумотлар базасида 1 та абонентга 2 та ҳисоб варақаси (двойник) очилганлиги, яъни 1182 та абонентга 2365 та ҳисоб варақалари юритилган.