Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги МТМларда «Очиқ эшиклар куни»: 115 та мактабгача таълим муассасасида шароит яхшиланади

Вилоят ҳокимлиги йиғилиш баёнига асосан жорий йилнинг 5 августидан 5 сентябригача вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида “Очиқ эшиклар куни” ойлиги ўтказилиши белгиланганди.

Мазкур тадбир муносабати билан сектор ва ташкилот раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари мактабгача таълим муассасаларига ташриф буюриб, вужудга келаётган муаммо ва камчиликларни, яратилган шарт-шароитлар билан танишган.

Вилоят мактабгача таълим бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, аниқланган муаммо ва камчиликлар натижаларига кўра, ташаббускор туман ва шаҳар сектор, ташкилот раҳбарларига вилоятда 115 та оғир шароитда фаолият кўрсатаётган мактабгача таълим муассасаларида камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга ошириладиган асосий вазифалар белгилаб олинган.

Ҳозирги кунда вилоятда 115 та оғир шароитда фаолият кўрсатаётган мактабгача таълим муассасаларида тегишли ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ва шаҳар сектор ва ташкилот раҳбарлари ҳамкорлигида мактабгача таълим муассасаларининг том қисмидан чакка ўтмаслиги, иситиш қозонлари ва иситиш тизимлари барқарор ишлаши ва барча хавфсизлик талабларига жавоб бериши, ички ва ташқи ҳожатхоналарни санитария-гигиена нормаларига мувофиқ бўлиши, ҳудуддаги йўлакларни (тратуар) бетонлаш, ҳудудга гуллар экиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Энг асосийси, ҳудудни сув таъминоти билан тўлиқ таъминлаш (ариқ суви, скважина ёки етарли даражадаги бир нечта качалкалар), пол ва потолог қисмларини таъмирлаш, бино атрофини девор билан ўраш ёки борини таъмирлаш, болалар ўйин майдончаси (беседка) ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган омборхоналарни ва ошхонанинг санитария-гигиена нормаларига мувофиқ бўлиши, электр ва газ тармоқлари тизимини таъмирлаш, мебель ва ошхона жиҳозлари, газ плитаси, телевизор, компьютер, музлатгич (холодильник), тарози ва гиламлар ҳамда болалар ўйинчоқлари ва ётоқ чойшаблари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.