Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги қурилиш корхонаси нега 60 миллион сўм пеня тўлайди?

Бугун ҳовли-жойлар бузилиб, уларнинг ўрнига кўп қаватли уйлар қурилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Аммо айрим ҳолларда уй-жойлари билан бирга ҳуқуқлари ҳам бузилган фуқаролар учраб турибди.

Ислом Абдиев ҳам ана шундай кўргиликни бошидан ўтказди. У дастлаб (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қурилиш корхонаси билан кўп қаватли уй-жойнинг барпо этилишига улуш қўшиш ҳақида шартнома тузган.

Унга кўра, қурилиш корхонаси томонидан И.А.га тегишли уй-жой учун товон тариқасида қуриладиган замонавий турар жой комплексининг 3-қаватидан 2 та уч хонали ва 1 та бир хонали ҳамда шу уйнинг 7-қаватидан 1 та бир хонали берилиши керак бўлган. Яъни, қурилиш корхонаси жами 8 хонадан иборат, умумий майдони 372,15 квадрат метр, шундан яшаш майдони 255,24 квадрат метр бўлган 169, 171, 174 ва 195-рақамли 4 та хонадонни тўлиқ битказган ҳолда И.Абдиевга хусусий мулк сифатида беришга келишган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 1.5-бандига кўра, қурилиш объектини давлат қабул комиссиясига топшириш муддати 2017 йил 4 чорак, деб белгиланган.

Шартноманинг 3.1-бандида давлат қабул комиссияси томонидан объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси тасдиқланган кундан 3 ойлик муддат ичида қурилиш корхонаси мулк ҳуқуқини Самарқанд шаҳар кадастр идорасида давлат рўйхатидан ўтказиш учун топшириш мажбурияти кўрсатилган. Унга кўра, қурилиш корхонаси хонадонларни И.А.га 2018 йил 1 апрель куни топшириш мажбурияти юзага келган. Аммо жавобгар томонидан бугунги кунга қадар бажарилмаган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартномада тарафларнинг пеня тўлаш мажбурияти кўрсатилмаган бўлса-да, юқорида қайд этилган қонун талабидан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясининг ажрими билан И.А. фойдасига қурилиш корхонасидан 60 миллион сўм ундирилиш белгиланди.