Паррандачилик корхонаси салкам 118 миллион сўм пеня ундиришни сўради. Бироқ суд пеня миқдорини 38 миллионга яқин қилиб белгилади. Нега?

Самарқанд туманидаги паррандачилик йўналишидаги фермер хўжаликларидан бири шартнома асосида хусусий корхонага етказиб берган маҳсулоти ҳақини 2 йил деганда тўлиқ олишга муваффақ бўлган. Вақт ва даромад йўқотган фермер харидоридан пеня ундириб беришни сўради.

Даъво аризасида хусусий корхонадан ундириладиган пеня 117 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этиши кўрсатилган. Даъвогар вакили ўз кўрсатмасида тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан жавобгарга етказиб берилган маҳсулот ҳақини кечиктириб тўлаб берганлигини, шу сабабли пеня ҳисобланганлигини билдирган.

Ишдаги ҳужжатлардан ва суд мажлиси муҳокамасидан аниқланишича, 2018 йил 23 январь ва 2018 йил 18 июлда «Ilonsoy Lomann parranda» фермер хўжалиги -  сотувчи ва «Умид» хусусий корхонаси - харидор ўртасида олди-сотди шартномалари имзоланган. Шу асосда сотувчи маҳсулот (инкубатор тухуми)ни сотиш, харидор эса товар ҳақини тўлаб олиш мажбуриятини олган ҳамда келишилган муддатда сотувчи томонидан 260 миллион сўмлик маҳсулотлар харидорга етказиб берилган.

Бироқ харидор ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган. Аниқроғи, 2018 йил 18 июлдаги шартномага асосан қолган 155 миллион сўм маблағни кечиктириб, 2020 йил июлда тўлаб берган. Ваҳоланки, шартномада маҳсулот ҳақи шартнома тузилган кундан бошлаб 10 банк куни ичида тўлаб берилиши лозимлиги қайд қилинган. Шу сабабли Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар манфаатида судга мурожаат қилиб, жавобгардан тўлови кечиктирилган кунлар учун пеня ундиришни сўрган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.2-бандига кўра, маҳсулот учун тўлов кечиктирилса, харидор тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида пеня тўлаши белгиланган. Қолаверса, Фуқаролик кодексининг 263-моддасига кўра, неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Олий хўжалик суди пленумининг 2007 йил 15 июндаги қарорига кўра, Фуқаролик кодексининг 326-моддасига мувофиқ, суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли. Шу билан бирга, неустойканинг энг кам миқдори Фуқаролик кодексининг 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозим, деб тушунтириш берилган.

Суд ишдаги ҳужжатларни ўрганиш баробарида мажбуриятдаги шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажариш даражасини таҳлил қилиб, маҳсулот ҳақи олдиндан тўловсиз бериб юборилганида даъвогарнинг айбини инобатга олди ҳамда жавобгардан ундирилиши сўралган пеня суммасини Фуқаролик кодексининг 326-моддасига асосан камайтиришни, жавобгардан даъвогар фойдасига 37 миллион 442 минг 864 сўм пеняни ундиришни, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад қилиш лозим, деб топди.

Жавобгар хусусий корхонадан даъвогар фойдасига 37 миллион сўмдан кўпроқ пеня ва тўлаб чиқилган 17 минг 840 сўм почта харажатлари ундирилиши белгиланди.

Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинди.

Шунингдек, жавобгар хусусий корхонадан республика бюджети, суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 2 миллион 340 минг 179 сўм давлат божи, Олий суднинг ҳисоб рақамига 55 минг 750 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундирилиши белгиланди.

Ў.Муродов,

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси.