Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик ҳамширалар қачон байрам қилишларини айтди

Қайсидир хориж давлатида томирга эмлашни фақат шифокорларгина амалга оширади, яна бир давлатда бир ҳамшира фақат икки нафар беморгагина қарайди.

Ушбу фактларнинг ўзи мамлакатимиздаги ҳамшираларнинг фаолиятига баҳо бергандек. Негаки, бизда беморнинг тўлиқ соғайишида ҳамширанинг роли жуда катта эканлиги барчамизга яхши маълум.

Эътибор беринг, яхши ҳамшира ҳеч қачон эътиборсиз қолган эмас. Аҳоли бошқа касб эгаси бўлган қўшниларини яхши танимаса-да, ҳамшира қўшнисини яхши билади ва ҳурматини жойига қўяди. Тиббиёт ҳамшираларининг мавқеини оширишда ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам бу касб эгалари меҳнатига берилган баҳо, десак тўғри бўлади.

- Кейинги йилларда ўрта тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатдан тўлиқ озод этилиши ва фақат ўз касби билан машғуллиги уларнинг иши самарадорлигини оширишга имкон яратди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси, Республика ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Севил Ризаева. – Бугун вилоятда фаолият юритаётган 22 минг ҳамширанинг барчаси узлуксиз таълим олиши учун даволаш муассасаларида шароит яратилган. Яқинда эса барча ўрта тиббиёт ходимлари вилоят ҳамширалар малакасини ошириш  маркази томонидан ташкил этилган коронавирус мавзуи бўйича онлайн ўқув машғулотида қатнашди.

Бугун СOVID-19 вируси мамлакатимизда тарқалишининг олдини олишда ўрта тиббиёт ходимларидан ҳам масъулият ва тезкорлик билан иш олиб бориш талаб этилмоқда.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош ҳамшираси Соҳиба Мардоновадан коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволашда нечоғлик тезкорлик ва ҳозиржавоблик билан иш олиб боргани хусусида сўрадик.

- Ҳозирда 206 нафар ўрта тиббиёт ходимлари вилоятимиздаги карантин ҳудудларида, қолаверса, коронавирус билан курашаётган беморларни даволашда фаолият олиб бормоқда, – дейди С.Мардонова. – Айтиш керакки, шифокорлар сингари ҳамширалар ҳам бу вазиятда саросимага тушиб қолгани йўқ. Сабаби, ушбу шифохонада меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари доимий равишда ўта хавфли касалликлар билан ишлаш бўйича ўқув машғулотларида иштирок этиб келишади. Бундай хасталиклар билан ишлаш бўйича халқаро ва мамлакат миқёсидаги семинарларда иштирок этгани тўғрисида сертификатлари ҳам бор. Қолаверса, ушбу шифохона ходимлари юқумли касалликлар билан ишлаши ҳисобга олинган ҳолда доимий равишда бошқа шифохона ходимларига нисбатан катта эҳтиёткорлик билан фаолият олиб борадилар. Ҳозирга қадар бирорта ҳамшира вазифасини бажармасдан, ундан бош тортган эмас. Барчаси ўз ишига одатий мажбуриятдай киришмоқда. Шунинг учун бўлса керак, четдан, бошқа тиббиёт муассасаларидан ҳамширалар жалб қилишга ҳожат ҳам бўлмади. 14 кун уйга бормай иш олиб бораётган ходимларнинг оиласи ҳолидан ҳам зарур бўлганда касаба уюшмаси вакиллари хабар олишмоқда.

Дарвоқе, бу йил 12 май Халқаро ҳамширалар куни ҳар йилгидай тантанали тарзда нишонланмади. Ҳамширалар ўртасида ўтказилаётган танлов ҳам коронавирус пандемияси сабабли ўтказилмай қолди. Ҳамширалар билан суҳбатлашар эканмиз, улар ушбу вирусдан қутулиб олсак, шунинг ўзи биз учун катта байрам бўларди, дейишди.

Ҳаммамизни ана шундай байрамга етказсин!

Гулруҳ МЎМИНОВА.