Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик “Миллий иттиҳод”чилар кимлар?

1937 йилда, яъни совет тузуми мамлакатда аҳолининг турли қатламлари орасида қатағоннинг янги тўлқинини авж олдирган бир пайтда шўроларнинг жазо қуролига айланган НКВД ходимлари Самарқанд шаҳрида ҳам ўнлаб кишиларни «Миллий иттиҳод» (миллий бирлик) ташкилотининг аъзоси сифатида қамоққа олди. Уларнинг барчаси мадрасада таҳсил кўрган, баъзилари рус-тузем мактабларини битирган, маълум қисми техникум, олийгоҳларда ўқиган зиёли одамлар эди. Аслида 1920-1925 йилларда фаолият юритган, унинг раҳбарлари эса 1929-1930 йилларда қамоққа олиниб, 1931 йилда Москва, Тошкентда отиб ташланган бу ташкилот аъзоларини орадан олти-етти йил ўтиб, яна қидириб топиб, жазога тортиш кимга ва нимага керак бўлиб қолганди?

Қонсираган тузум ва унинг аждаҳо раҳбару гумашталари учун янги-янги қурбонлар мунтазам зарур эди. Улар шу йўл билан халқ онгидаги истиқлол орзусини бутунлай ўчириш ниятида бу ғоялардан озми-кўпми хабардор, уларни одамларга етказишга қодир бирор-бир кишининг озодликда юришига (аниқроғи тирик қолишига) йўл қўйолмасдилар.

Филология фанлари доктори, академик Наим Каримовнинг қайд этишича, 1917 йил февраль инқилобидан сўнг июль ойида миллий истиқлол орзуси билан яшаган маҳаллий зиёлилар Тошкентда «Турк адам марказият»  фирқасини ташкил этганлар. Туркистонда федератив давлат тизимини барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бу фирқадан ташқари ўша кезларда «Иттиҳод ва тараққий» («Иттиҳоди тараққий») ташкилоти ҳам тузилиб, 1920 йилга қадар фаолият олиб борган. Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида большевикларнинг кундан-кунга кучайиб бораётган мавқеи маҳаллий зиёлиларни 1920 йилда «Турк адам марказият» фирқаси ҳамда «Иттиҳод ва тараққий» ташкилоти негизида «Миллий иттиҳод» ташкилотини тузишга ундаган. Ушбу ташкилотнинг вужудга келишида (1920-1924 йилларда фаолият олиб борган) Мунаввар Қори Абдурашидхонов ва Садриддинхон Шарифхўжаев ташаббускор бўлган.

Ушбу ташкилотнинг Самарқанд вилоят шўъбаси ҳам тузилган эди. Унга Абдуазиз Абдуғофуров, Абдуваҳоб Маъруфжонов, Абдуқодир Шакурий, Абдумажид Зокирий, Абдуҳаким Қурби, Абубакр Абулхайров, Акобир Шомансуров, Баҳриддин Шарипов, Бектош Нарзуллаев, Вадуд Маҳмудов, Зайнитдин Назритдинов, Мансур Хўжаев, Маъруфжон Расулий, Мирзахалил Каримов, Мирзахўжа Ўринхўжаев, Муроджон Файзулин, Муродхон Аллахўжаев, Нарзуллабек Рустамов, Салоҳиддин Сулаймонов, Тилов Раҳматуллаев, Топиболди Раҳмонбердиев, Хожа Муин Шукуруллаев, Шамситдин Мавлонов, Шоқобил Каримов, Қози Ҳайдарбек Абдусаидов, Қосим Бобожонов ва бошқалар аъзо бўлган эди.

Шуниси эътиборлики, ушбу ташкилот аъзолигига асосан ўз даврининг етук кишилари – юрт истиқлоли йўлида муҳим ишларни амалга оширишга қодир ўқимишли, зиёли шахслар қабул қилинган.

Улар устидан ўша йилларда ўтказилган суд ҳужжатлари билан танишар экансиз, бунга яна бир карра амин бўласиз. “Айби” Ватанини озод кўриш, халқини маърифатли қилиш бўлган бу зотларнинг бошига қандай туҳматлар ёғдирилмаган дейсиз. Келинг, ҳужжатларнинг айримларини варақлаб кўрайлик.

Масалан, 1897 йилда Самарқандда туғилган Ҳамро Хўжаев миллатчи сифатида ВКП(б) сафидан чиқарилгач, унга “аксилинқилобчи “Миллий иттиҳод” ташкилотининг аъзоси бўлган” дея айб қўйиш билан чекланмай, “Афғонистон билан алоқа ўрнатган, сиёсий ходимларни ўлдиришни ташкил этиш билан боғлиқ махсус махфий ижрочи, Ўзбекистонни СССРдан ажратиб олиш масалаларини муҳокама қилишда фаол иштирок этган, зараркунандалик, бузғунчилик фаолиятини олиб борган” деган айбларни ҳам бўйнига илишади. Булар ўша ВКП(б)нинг ғояларига ишонган, турли юқори лавозимларда ишлаган киши бошига тушган қора кунлар эди.

Ёки Мулла Лутфи Раҳматуллабоевнинг 5769-сонли ишига назар солайлик. “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси сифатида 1937 йилда 70 ёшида отувга ҳукм қилинган бу киши 1927 йилдаёқ “аксилинқилобий фаолияти учун” деб беш йил муддатга қамалган эди. Шундан сўнг 1932 йилда махсус посёлкага сургунга юборилган. Ўн йил тортган азоб-уқубатлари билан чекланмай, шўро ҳукуматининг уни ўлдирибгина кўнгли жойига тушган бўлса ажабмас.

1883 йилда туғилган, маърифатпарвар, 1900 йилларнинг бошида халқ фарзандлари учун янги усулдаги мактаб очган Исматулла Раҳматуллаев эса “аксилинқилобий миллатчи, “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси” деб ҳибсга олинган вақтда Самарқандда кутубхона мудири бўлиб ишларди. Унга яна “аксилинқилобий тарғибот олиб борган, хотин-қизлар озодлигига қарши фикр билдирган” деган айбларни ҳам тўнкашди ва ўн йилга қамоқ лагерларига жўнатишди.

1870 йилда туғилган Қори Зикр Ҳамидбоев, 1888 йилда таваллуд топган Салоҳиддин Сулаймоновнинг тақдирлари ҳам шундай бўлди.

Хуллас, бу мухтасар мақолада биз қатағон йиллари аслида фаолиятини 1925 йилнинг бошида тўхтатган зиёлилар ташкилоти аъзоларидан бир нечтасининг тақдири ҳақида тўхталдик. Ҳолбуки, Самарқанд вилояти бўйича уларнинг сони юздан зиёд эди. Қўлимизда бундай инсонлар ҳақида озми-кўпми маълумотлар мавжуд. Насиб этса, вақти келиб самарқандлик бу ватанпарвар, миллат фидойилари тўғрисида рисолалар битиш ниятимиз ҳам йўқ эмас.

Мустамлакачилик даврида халқимизнинг ўн минглаб фарзандлари дастлаб чор, сўнгра шўро ҳокимияти йилларида ҳукм сурган адолатсизликнинг қурбони бўлишди. Манглайига “халқ душмани”, “аксилинқилобчи”, “миллатчи” сингари сиёсий тамғалар ёпиштирилган ватандошларимизнинг пок номлари тарих саҳифаларидан ўчирилиб, улар номи билан боғлиқ хайрли ишлар эса унутилди. Аслида бундай кишилар учун Ватан ва халқ манфаатидан улуғ нарса бўлмаган. Шундай ватанпарвар, тараққийпарвар аждодларимизни ёд этиш, уларнинг энг яхши анъаналарини давом эттириш, фазилатларидан ибрат олиш бизнинг бурчимиз ҳамда айни пайтда мамлакатимиз келажагининг кафолатидир.

Музаффар МУҚИМОВ,

Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи ходими.