Самарқандлик тадбиркор Умар билан боғлиқ жиноий ишнинг дастлабки тафсилотлари
Самарқанд шаҳрида кўп йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган «Умар» қурилиш компаниясига раҳбарлик қилган йирик тадбиркор Умар Ражабов қамоққа олингани ҳақида хабар берган эдик.
Умар Ражабов билан бирга бир гуруҳ шахслар ҳам эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
«Умар» компанияси томонидан қурилган уйлар Самарқанднинг тарихий қисмида, ЮНЕСКО муҳофазасидаги ҳудудда жойлашгани туфайли бузилиши бошлангач, бу уйларга олдиндан буюртма берганлар пулларини қайтаришни талаб қила бошлаган. Умар Ражабов ва унинг ходимлари ана шундай шикоят хатлари асосида қўлга олинган ҳамда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг иш юритувида Раджабов Олим Хатамович, Раджабов Руслан Олимович, Аблақулов Шавкат Ахрорқулович, Адилов Миралам Иркинович ва Файзиев Файзулло Улмасовичлар жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбланиб, судланувчиларнинг мазкур жиноятларга алоқадорлиги судья З.Ахмедова раислигидаги очиқ суд мажлисида текширилмоқда.
Ҳозирги кунга қадар барча судланувчилар ва 36 нафар жабрланувчилар сўроқ қилинган.
Хусусан, жабрланувчи Воронина Дарья судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини баён қилган.
Жабрланувчи Нарзиқулова Озода ҳам судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини, уйи бузилиши ҳақидаги қарордан норози эканлигини билдирган бўлса, жабрланувчи Зохидов Нодирнинг қонуний вакили Зохидов Собир судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини, мазкур уйни бузилиши тўғрисида чиқарилган қарордан норози эканлигини ва қарор чиқарган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Яна 8 нафар жабрланувчи судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини, уйларининг эгалик ҳуқуқини берилишини сўраган.
Жабрланувчи Увайдиллоев Нематилло унга тегишли бўлган уй тўлиқ битмаганлигини, судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини, бироқ уй тўлиқ битказиб берилишини талаб қилган.
Бир нафар жабрланувчи эса шартномалар асосида унга тегишли бўлиши керак бўлган хонадонларни тўлиқ шартнома асосида таъмирлаб, кадастр ва бошқа тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилишини, шундан сўнггина даъвоси бўлмаслигини билдирган.
Тўрт нафар жабрланувчи етказилган моддий зарарни, яна саккиз нафар жабрланувчи уларнинг уйларига эгалик ҳуқуқи берилмайдиган ва уй бузиладиган бўлса, тўлаган пулларини ундириб беришни сўраган.
Шунингдек, 6 нафар жабрланувчи кейинги суд мажлисларида иштирок этишини, яна икки нафар жабрланувчи даъвоси бор ёки йўқлигини кейинги суд мажлисида билдиришини баён қилган.
Бундан ташқари, сўроқ қилинганда Эргашев Сухроб Исроилович мазкур уйнинг 7-қаватидан 5-блок 5-подъезддан 5 хонали уй (161 м.кв.) сотиб олиш учун жами 289 млн. 800 минг сўмга келишганлиги ва 2015 йил 7 август куни шартнома онаси С.Ибрагимова ҳамда бош директор О.Ражабовлар ўрталарида тузилганлиги ва жами 62 минг 850 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни О.Ражабов, М.Адилов ва Ш.Аблакуловларга берганлиги, шундан сўнг "OLX UZ" каналидан худди шу подъездда 84 м.кв. қўшни уй сотилаётганлигини кўрганлиги ва қўнғироқ қилиб сотаётган Эргашев деган фуқародан аниқлик киритганлиги ва унга бориб учрашганлиги, Эргашевга мазкур уйни сотиб олиш учун пул берганлиги, Эргашев уни судланувчи Ш.Аблакулов билан учраштирганлиги ва "Afrosiyob Xosiyat Begim Makoni" ўрталарида шартнома тузилганлиги, айни вақтда мазкур хонадон фуқаро Роҳат Воҳидоватга ҳам сотилганлигини эшитганлиги ва бунга ҳайрон қолганлиги, кейинги суд мажлисларида адвокат билан бирга келишини билдирган.
Суд мажлиси 2019 йил 29 июль куни соат 10:00 га қолдирилган.
Ў.МАМАДАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари.