Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик тадбиркорга нега кредит ажратилмади? Халқ банки изоҳ берди

Самарқанд туманидаги “So‘zangaron nur obod” оилавий корхонаси раҳбари Алишер Баёнов Халқ банки Сиёб филиалига ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида кредит олиш учун зарур ҳужжатларни 2019 йилнинг апрель ойида топширган.

Икки бор хат билан ёзма мурожаат қилган бўлишига қарамасдан, кредит бериш ёки берилмаслиги ҳақида Халқ банки Сиёб филиалидан жавоб ололмаганидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ҳамда бир нечта юқори ташкилотларга мурожаат қилган.

Куни кеча ЎзА сайтида ҳам ушбу ҳолат бўйича танқидий мақола эълон қилинди.

Ушбу ҳолатлар бўйича банкнинг вилоят филиали масъул ходимлари корхона раҳбари билан учрашиб, муаммони тўлиқ ўргандилар.

Имтиёзли кредит олиш мақсадида мазкур оилавий корхона томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар Адлия вазирлигининг 2013 йил 27 декабрда 2546-сон билан рўйхатга олинган “Кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисида”ги низоми талабларига тўғри келмаган.

Шунингдек, 2019 йил 7 мартдаги Президентимизнинг “Ҳудудларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг 8-бандида имтиёзли кредитлар “вилоятлар ёки туман (шаҳар)лар «Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари» томонидан оилаларнинг хоҳиш ва истаклари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшларнинг лойиҳалари, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлиги чуқур ўрганилиб, ҳар бир оила ва тадбиркорлик субъектларининг таклиф этаётган лойиҳаларига кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида бериладиган хулосалар асосида берилиши” белгиланган.

Халқ банки матбуот хизмати хабарига кўра, “So‘zangaron nur obod” оилавий корхонасига вилоят ёки туман «Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази» томонидан ижобий хулоса берилмагани туфайли кредит маблағлари ажратилмаган.