Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик хонандалар Регистон майдонида жонли ижрода концерт берди

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг “медиа-режа”сига асосан Регистон майдонида Ўзбекистон давлат филармонияси Самарқанд вилояти бўлинмаси ижодий жамоасининг “Қўшиғимиз сизга армуғон!”, деб номланган жонли ижродаги концерт дастури намойиш этилди.

Концерт дастурида истеъдодли хонандалар томонидан тайёрланган мақом, эстрада, лирика йўналишларидаги қўшиқлар янгради.

- Карантин пайтида бўлинмамиз хонандаларининг аксарияти уйда ижод қилиб, янги-янги тароналарни яратди, - дейди Ўзбекистон давлат филармонияси Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари Жаҳонгир Ниёзов. – Ижодкор халқ ўз истеъдодини, қўшиқларини халққа намойиш этиб, уларнинг завқидан илҳом олади. Бу бизнинг иккинчи жонли ижродаги гала-концертимиз. Биринчиси “Соғинч” деб номланиб, унда ҳам хонандаларимизнинг энг сара куй-қўшиқлари, созанда ва рақс ансамблларимизнинг бетакрор ижролари намойиш этилганди.  Юртимизда жонли ижродаги санъаткорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, уларни ижодда юқори марраларни забт этишга, янги мусиқий оҳангларнинг яралишига сабаб бўлади.

Концертда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаровнинг “Самарқанд тановари”, Хушнуд Эштўхтаевнинг “Кўргони келдим соғиниб”, Жаҳонгир Ниёзовнинг “Самарқандлик санамлар”, Озода Аҳмедованинг “Бале, бале”, Достон Дониёровнинг "Ватан”, хонанда Мухлиса Аҳмаджонованинг “Куйдирма”, Бахтигул Кушанованинг “Келмайсанму ёрим” ҳамда бўлинманинг созандалар ва “Таманно” рақс ансамблларининг куй-қўшиқлари янгради.

Насиба Жонтўраева.